Жиноят кодекси 105-моддасининг биринчи қисмида, 109-моддасида, 110-моддасининг биринчи қисмида, 111-моддасида, 118-моддасининг биринчи қисмида, 119-моддасининг биринчи қисмида, 121-моддасининг биринчи қисмида, 136-моддасида, 139-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларида, 140-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларида, 141¹-моддасининг биринчи қисмида, 141³-моддасида, 149, 149¹-моддаларида назарда тутилган жиноятлар тўғрисидаги жиноят ишлари айбдорни жавобгарликка тортишни сўраб жабрланувчи берган шикоят аризаси асосидагина қўзғатилади. Жабрланувчи ночор аҳволда бўлганлиги, айбланувчига қарам бўлганлиги туфайли ёки бошқа сабабларга кўра ўз ҳуқуқини ва қонуний манфаатларини ўзи ҳимоя қила олмайдиган алоҳида ҳолларда прокурор жабрланувчининг шикоятисиз ҳам жиноят ишини қўзғатиши шарт.
(325-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 8 августдаги ЎРҚ-1080-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 09.08.2025 й., 03/25/1080/0710-сон. Кучга кириш санаси — 2025 йил 10 ноябрь)
Жиноят кодексининг 167, 170, 172, 173-моддаларида назарда тутилган ва устав фондида давлат улуши бўлмаган юридик шахсга нисбатан унинг ходими томонидан содир этилган жиноятлар тўғрисидаги жиноят ишлари фақат мазкур юридик шахс раҳбарининг, мулкдорининг ёки ваколатли бошқарув органининг аризасига кўра қўзғатилади.
(325-модда Ўзбекистон Республикасининг 2012 йил 29 декабрдаги ЎРҚ-345-сонли Қонунига асосан иккинчи қисм билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 1-сон, 1-модда)