Қонуний вакил ишда иштирок этишга вояга етмаган ёхуд белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз деб эътироф этилган гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг ёки жабрланувчининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун жалб қилинади.
Ишда қонуний вакил сифатида ота-оналар, фарзандликка олганлар, васийлар, ҳомийлар, вояга етмаганга ёки белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз деб эътироф этилган иштирокчига васийлик ёки ҳомийлик қилувчи муассасалар ва ташкилотларнинг вакиллари қатнашишлари мумкин. Гумон қилинувчининг, айбланувчининг ва судланувчининг қонуний вакили ишда гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи билан бирга, жабрланувчининг қонуний вакили эса жабрланувчи билан бирга, шунингдек унинг ўрнида ҳам иштирок этади.
(60-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2026 йил 11 сентябрдаги ЎРҚ-1174-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 12.09.2026 й., 03/26/1174/0920-сон)
Вояга етмаган гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг ёки жабрланувчининг илтимосига кўра, ишда ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган шахслар билан бир қаторда унинг катта ёшдаги яқин қариндошларидан бирининг ёки ўзи ишонадиган бошқа шахснинг қонуний вакил сифатида иштирок этишига йўл қўйилиши мумкин.
(60-модда Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 6 декабрдаги ЎРҚ-587-сонли Қонунига асосан учинчи қисм билан тўлдирилган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 07.12.2019 й., 03/19/587/4122-сон)
Қонуний вакилнинг ишда иштирок этишига йўл қўйилганлиги ҳақида суриштирувчи, терговчи, прокурор қарор, суд эса ажрим чиқаради. Гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг ёки жабрланувчининг манфаатлари билан қонуний вакилнинг манфаатлари ўзаро мос келмаган тақдирда, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи ёки жабрланувчи тарафида ишда иштирок этиш учун худди ўша қарор ёхуд ажрим билан адвокатни жалб этиш чоралари кўрилади.
(60-модданинг тўртинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 27 февралдаги ЎРҚ-915-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.02.2024 й., 03/24/915/0160-сон)