Одам савдоси, яъни одамни олиш-сотиш ёхуд одамни ундан фойдаланиш мақсадида ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилиш —

уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

(135-модда биринчи қисмининг санкцияси Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 10 августдаги ЎРҚ-389-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2015 й., 32-сон, 425-модда)

Ўша ҳаракатлар:

а) икки ёки ундан ортиқ шахсга нисбатан;

б) ожиз аҳволдалиги айбдорга аён бўлган шахсга нисбатан;

в) ҳомиладорлиги айбдорга аён бўлган аёлга нисбатан;

г) айбдорга моддий жиҳатдан ёки бошқа жиҳатдан қарам бўлган шахсга нисбатан;

д) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб;

е) хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда;

ж) жабрланувчини Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасидан олиб ўтган ҳолда ёки уни чет элда қонунга хилоф равишда ушлаб турган ҳолда;

з) қалбаки ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда, худди шунингдек жабрланувчининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни олиб қўйган, яширган ёхуд йўқ қилиб юборган ҳолда;

и) инсон аъзоларини ва (ёки) тўқималарини олиш мақсадида;

к) фоҳишалик билан шуғулланишга жалб этиш мақсадида содир этилган бўлса, —

беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

(135-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 19 майдаги ЎРҚ-1065-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 20.05.2025 й., 03/25/1065/0453-сон)

Ўша ҳаракатлар:

а) ўғирлаш, зўрлик ишлатиш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш ёхуд мажбурлашнинг бошқа шаклларини қўллаш орқали содир этилган бўлса;

б) ўн саккиз ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган шахсга нисбатан содир этилган бўлса;

в) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан ёхуд ушбу Кодекснинг 137-моддасида назарда тутилган жиноятни илгари содир этган шахс томонидан;

г) ўта хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлса;

д) жабрланувчининг ўлимига ёки бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлса;

е) уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, —

ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

(135-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 19 майдаги ЎРҚ-1065-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 20.05.2025 й., 03/25/1065/0453-сон)