Контрабанда, яъни божхона назоратини четлаб ёки божхона назоратидан яшириб ёхуд божхона ҳужжатлари ёки воситаларига ўхшатиб ясалган ҳужжатлардан алдаш йўли билан фойдаланиб, декларациясиз ёки бошқа номга ёзилган декларациядан фойдаланиб, кучли таъсир қилувчи, заҳарли, заҳарловчи, портловчи моддалар, радиоактив материаллар, портлатиш қурилмалари, қурол-яроғ, ўқотар қуролни, ўқ-дориларни ёки ўқотар қуролнинг асосий қисмларини, шунингдек гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни ёхуд уларнинг аналогларини ёки диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастликни тарғиб қилувчи материалларни Ўзбекистон Республикасининг божхона чегарасидан ўтказиш —

(246-модда биринчи қисмининг диспозицияси Ўзбекистон Республикасининг 2026 йил 11 июндаги ЎРҚ-1151-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 12.06.2026 й., 03/26/1151/0589-сон)

беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

(246-модда биринчи қисмининг санкцияси Ўзбекистон Республикасининг 2001 йил 29 августдаги 254-II-сон Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2001 й., 9-10-сон, 165-модда)

Ядровий, кимёвий, биологик ва оммавий қирғин қуролининг бошқа турларини, шундай қуролларни яратишда фойдаланилиши мумкинлиги аён бўлган материал ва мосламаларни, радиоактив материалларни, шунингдек гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни ёки уларнинг аналогларини кўп миқдорда контрабанда қилиш —

(246-модда иккинчи қисмининг диспозицияси Ўзбекистон Республикасининг 2026 йил 11 июндаги ЎРҚ-1151-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 12.06.2026 й., 03/26/1151/0589-сон)

ўн йилдан йигирма йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

(246-модда иккинчи қисмининг санкцияси Ўзбекистон Республикасининг 2001 йил 29 августдаги 254-II-сон Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2001 й., 9-10-сон, 165-модда)