Учувчисиз учадиган аппаратларни, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмларини қонунга хилоф равишда олиб кириш, ўтказиш, олиш, сақлаш ёки улардан фойдаланиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

(244⁴-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 15 мартдаги ЎРҚ-921-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 16.03.2024 й., 03/24/921/0219-сон — 2024 йил 17 июндан кучга киради)

Ўша ҳаракатлар:

а) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан;

б) шахснинг ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб;

в) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса;

г) баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишига сабаб бўлса, —

уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

(244⁴-модданинг иккинчи қисмининг санкцияси Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 15 мартдаги ЎРҚ-921-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 16.03.2024 й., 03/24/921/0219-сон — 2024 йил 17 июндан кучга киради)

Ўша ҳаракатлар одам ўлишига сабаб бўлса, —

беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўша ҳаракатлар:

а) одамлар ўлимига;

б) ҳалокатга;

в) бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлса, —

саккиз йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳаракатларни содир этган шахс, агар у учувчисиз учадиган аппаратларни, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмларини ўз ихтиёри билан топширса, жавобгарликдан озод қилинади.

(244⁴-модда Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 2 майдаги ЎРҚ-534-сонли Қонунига асосан киритилган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 03.05.2019 й., 03/19/534/3046-сон — 2019 йил 4 ноябрдан кучга киради)