Озодликдан маҳрум этилган, озодлиги чекланган ёки ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинган шахсларга нисбатан суд жазонинг ўталмаган қисмини енгилроқ жазо билан алмаштириши мумкин.
(74-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 10 августдаги ЎРҚ-389-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2015 й., 32-сон, 425-модда)
Жазони енгилроғи билан алмаштириш ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган жазо турлари учун ўрнатилган тартиб-қоида талабларини бажарган ва меҳнатга ҳалол муносабатда бўлган маҳкумга нисбатан қўлланилиши мумкин.
Жазони енгилроғи билан алмаштириш маҳкум:
а) ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жинояти учун суд тайинлаган жазо муддатининг камида тўртдан бир қисмини;
б) оғир жинояти учун, шунингдек қасддан содир этган жинояти учун, агар у илгари қасддан содир этган жинояти учун озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган бўлса, суд тайинлаган жазо муддатининг камида ярмини;
(74-модда учинчи қисмининг «б» банди Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 23 мартдаги ЎРҚ-825-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 23.03.2023 й., 03/23/825/0164-сон)
в) ўта оғир жинояти учун, суд тайинлаган жазо муддатининг камида учдан икки қисмини ҳақиқатда ўтаб бўлганидан кейин қўлланилиши мумкин.
(74-модда учинчи қисмининг «в» банди Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 7 августдаги ЎРҚ-938-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 07.08.2024 й., 03/24/938/0591-сон)
Озодликдан маҳрум қилиш ёки озодликни чеклаш тариқасидаги жазонинг ўталмаган қисми ахлоқ тузатиш ишлари билан алмаштирилганда ахлоқ тузатиш ишлари озодликдан маҳрум қилиш ёки озодликни чеклаш жазосининг ўталмаган қисми муддатига тайинланади.
(74-модданинг тўртинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 10 августдаги ЎРҚ-389-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2015 й., 32-сон, 425-модда)
Жазонинг ўталмаган қисмини енгилроғи билан алмаштириш ушбу Кодекснинг 73-моддаси тўртинчи қисмида кўрсатилган шахсларга нисбатан қўлланилмайди.
Жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилган шахслар енгилроқ жазонинг тегишли қисмини ўтаб бўлганларидан кейин ушбу Кодекснинг 73-моддасида назарда тутилган қоидаларга биноан жазодан муддатидан илгари шартли озод қилинишлари мумкин.
Жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилган шахс жазонинг ўталмаган қисми мобайнида янги жиноят содир этса, суд унга ушбу Кодекснинг 60-моддасида назарда тутилган қоидаларга мувофиқ жазо тайинлайди.
(74-модданинг еттинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 18 апрелдаги ЎРҚ-476-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 19.04.2018 й., 03/18/476/1087-сон)