Ушбу Кодекс 73-моддасининг тўртинчи қисмида кўрсатилган шахс (бундан умрбод озодликдан маҳрум қилишга ҳукм этилганлар мустасно) озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазони ўташ даврида маҳкумларда тўғри маънавий-ахлоқий қадриятларни шакллантиришга қаратилган, белгиланган тартибда тасдиқланган адабиётлар рўйхатидаги китобларни ўқиганлиги факти тасдиқланган тақдирда, унга нисбатан тайинланган жазони ўташ муддати қисқартирилиши мумкин. Бунда жазони ўташ муддати ҳар бир ўқилган китоб учун уч кунга, бироқ бир йилда кўпи билан ўттиз кунгача қисқартирилиши мумкин.

(74¹-модда Ўзбекистон Республикасининг 2026 йил 15 январдаги ЎРҚ-1114-сонли Қонунига асосан киритилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 16.01.2026 й., 03/26/1114/0047-сон. Кучга кириш санаси — 2026 йил 17 апрель)