Судья ишни суд муҳокамасига тайёрлаш чоғида қуйидаги ҳаракатларни ариза (шикоят) келиб тушган кундан эътиборан беш кундан кечиктирмай амалга оширади:
1) ишда иштирок этиш учун бошқа жавобгарни ёки учинчи шахсни жалб этиш масаласини кўриб чиқади;
2) манфаатдор шахсларни ишни юритиш тўғрисида хабардор қилади;
3) ишда иштирок этувчи шахсларни уларнинг видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида иштирок этишга бўлган ҳуқуқлари ҳақида хабардор қилади;
4) ишда иштирок этувчи шахсларга, бошқа ташкилотларга, уларнинг мансабдор шахсларига муайян ҳаракатларни амалга оширишни, шу жумладан низони ҳал қилиш учун аҳамиятга эга бўлган ҳужжатлар ва маълумотларни тақдим этишни таклиф этади;
5) гувоҳларни чақиртиради;
6) экспертиза тайинлаш тўғрисидаги масалани кўриб чиқади;
7) тарафларга зарур далилларни олишга кўмаклашади, тарафларнинг илтимосномаси бўйича уларни талаб қилиб олади;
8) тарафларнинг илтимосномаси бўйича дастлабки ҳимоя чораларини кўриш ва далилларни таъминлаш тўғрисидаги масалаларни ҳал этади;
9) бошқа шахсларнинг ишга киришиши, ишларни битта иш юритишга бирлаштириш ёки арз қилинган талабларини алоҳида иш юритишга ажратиш, сайёр суд мажлисини ўтказиш тўғрисидаги масалаларни кўриб чиқади;
10) ишда иштирок этувчи шахсларга уларнинг процессуал ҳуқуқлари ва мажбуриятларини тушунтиради;
11) тарафларни келиштириш чораларини кўради.
(140-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 26 апрелдаги ЎРҚ-833-сонли Қонунига асосан 10 ва 11-бандлар билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 27.04.2023 й., 03/23/833/0236-сон)
Судья ишнинг тўғри ва ўз вақтида ҳал этилишини таъминлашга қаратилган бошқа ҳаракатларни ҳам амалга оширади.
Дастлабки эшитув ўтказилган ҳолларда ишни суд муҳокамасига тайёрлаш муддати йигирма кундан ошмаслиги керак.
(140-модда Ўзбекистон Республикасининг 2026 йил 14 августдаги ЎРҚ-1165-сонли Қонунига асосан учинчи қисми билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 14.08.2026 й., 03/26/1165/0841-сон)