Биринчи инстанция бўйича маъмурий ишлар (бундан буён матнда иш деб юритилади) туманлараро маъмурий судида, Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий судида, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судида судья томонидан якка тартибда, Ўзбекистон Республикаси Олий судида биринчи инстанция бўйича ишлар уч нафар судьядан иборат таркибда ҳайъатда кўрилади.

Ишни апелляция, кассация ва тафтиш тартибида кўриш уч нафар судьядан иборат таркибда ҳайъатда амалга оширилади.

(17-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-889-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 27.12.2023 й., 03/23/889/0978-сон — 2024 йил 1 январдан кучга киради)

Ишни Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раёсатида тафтиш тартибида кўриш ҳайъатда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсати аъзоларининг кўпчилиги иштирокида амалга оширилади.

(17-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-889-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 27.12.2023 й., 03/23/889/0978-сон — 2024 йил 1 январдан кучга киради)

Иш ҳайъатда кўрилаётганда судьялардан бири суд мажлисида раислик қилади.

Ишни кўришда барча судьялар тенг ҳуқуқлардан фойдаланади.

Ушбу Кодексга биноан судьяга ишни якка тартибда кўриш ва айрим масалаларни ҳал қилиш ҳуқуқи берилган тақдирда, судья суд номидан иш кўради.

(17-модда Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 12 январдаги ЎРҚ-662-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 13.01.2021 й., 03/21/662/0012-сон)