Маъмурий органларнинг ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг қарорларини ҳақиқий эмас, улар мансабдор шахсларининг, ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) қонунга хилоф деб топиш тўғрисидаги ариза (шикоят) ушбу Кодекснинг 128-моддасида назарда тутилган талабларга мувофиқ бўлиши керак.

Аризада (шикоятда) қуйидагилар ҳам кўрсатилиши керак:

1) устидан шикоят қилинаётган қарорни қабул қилган ёки шикоят қилинаётган ҳаракатни (ҳаракатсизликни) содир этган маъмурий органнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг номи, мансабдор шахснинг фамилияси, исм-шарифининг бош ҳарфлари;

2) устидан шикоят қилинаётган қарорнинг номи, рақами, у қабул қилинган сана, устидан шикоят қилинаётган ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) содир этилган сана ва жой;

3) аризачининг фикрига кўра, устидан шикоят қилинаётган қарор, ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) туфайли унинг бузилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари тўғрисидаги маълумотлар;

4) аризачининг фикрига кўра, устидан шикоят қилинаётган қарорнинг, ҳаракатларнинг (ҳаракатсизликнинг) қайси қонунчиликка зид эканлиги;

(187-модда иккинчи қисмининг 4-банди Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)

5) аризачининг қарорни ҳақиқий эмас, ҳаракатларни (ҳаракатсизликни) қонунга хилоф деб топиш тўғрисидаги талаби.

Аризага (шикоятга) ушбу Кодекснинг 130-моддасида кўрсатилган ҳужжатлар, шунингдек устидан шикоят қилинаётган қарорнинг матни илова қилинади.