Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда вилоятлар ва Тошкент шаҳар камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармалари жамоавий меҳнат низоларини тартибга солиш бўйича давлат органларидир.

(577-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 13 февралдаги ЎРҚ-1030-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 14.02.2025 й., 03/25/1030/0144-сон)

Иш берувчи жамоавий меҳнат низоси бошланган пайтдан эътиборан кейинги иш кунидан кечиктирмай жамоавий меҳнат низоларини тартибга солиш бўйича давлат органини ташкилотда низо юзага келганлиги ҳақида ёзма ёки электрон шаклда хабардор қилади.

Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги:

(577-модда учинчи қисмининг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 13 февралдаги ЎРҚ-1030-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 14.02.2025 й., 03/25/1030/0144-сон)

ижтимоий шерикликнинг тармоқ ва республика даражасида юзага келадиган жамоавий меҳнат низоларининг ҳисобини юритади;

жамоавий меҳнат низоларини тартибга солишга кўмаклашади;

меҳнат арбитрларини ҳисобга олиш бўйича маълумотлар базасини юритади;

меҳнат арбитрларини тайёрлашни ташкил этади;

жамоавий меҳнат низосини меҳнат арбитражида кўриб чиқишга доир ишларни ташкил этиш тўғрисидаги тавсияларни тасдиқлайди.

Қорақалпоғистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда вилоятлар ва Тошкент шаҳар камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармалари.

(577-модда тўртинчи қисмининг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 13 февралдаги ЎРҚ-1030-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 14.02.2025 й., 03/25/1030/0144-сон)

ижтимоий шерикликнинг бирламчи ва ҳудудий даражасида юзага келадиган жамоавий меҳнат низоларининг ҳисобини юритади;

жамоавий меҳнат низоларини тартибга солишга кўмаклашади.

Жамоавий меҳнат низоларини тартибга солиш бўйича давлат органлари ўз ваколатлари доирасида:

зарур бўлган тақдирда, жамоавий меҳнат низоси тарафлари вакилларининг ваколатларини текширади;

жамоавий меҳнат низоларининг юзага келиш сабабларини аниқлайди, таҳлил қилади ва умумлаштиради, уларни бартараф этиш юзасидан таклифлар тайёрлайди;

жамоавий меҳнат низосининг тарафларига уни кўриб чиқиш ва тартибга солишнинг барча босқичларида услубий ёрдам кўрсатади.

Жамоавий меҳнат низоларини тартибга солиш бўйича давлат органлари жамоавий меҳнат низоларини тартибга солишга доир ишларни ташкил этиш чоғида ходимлар ва иш берувчиларнинг вакиллари билан ҳамкорлик қилади.

Жамоавий меҳнат низоларини тартибга солиш бўйича давлат органларининг ваколатли ходимлари ташкилотдаги жамоавий меҳнат низоси тўғрисида хабар олинган пайтдан бошлаб иш берувчининг иш жойига жамоавий меҳнат низосини ҳал қилиш, низонинг сабабларини аниқлаш ва ҳал қилишга кўмаклашиш учун хизмат гувоҳномасини кўрсатган ҳолда монеликсиз ташриф буюриш ҳуқуқига эга.

(577-модда Ўзбекистон Республикасининг 2026 йил 11 июндаги ЎРҚ-1150-сонли Қонунига асосан еттинчи қисми билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 11.06.2026 й., 03/06/1150/0587-сон. Кучга кириш санаси — 2026 йил 12 сентябрь)