Сайлов комиссиялари сайлов кампаниясини ўтказиш даврида жисмоний ва юридик шахсларнинг ушбу Кодекс талаблари бузилганлиги ёки сайловни ташкил этишнинг бошқа масалалари хусусида ўзига келиб тушган мурожаатларини ўз ваколатлари доирасида кўриб чиқиши, ушбу мурожаатлар бўйича текширувлар ўтказиши ва уч кунлик муддатда уларга ёзма жавоблар бериши, сайловга камида олти кун қолганида ёки овоз бериш куни келиб тушган мурожаатларни эса дарҳол кўриб чиқиб, жавоб қайтариши шарт, бундан сайлов комиссияларининг ҳаракатлари ва қарорлари устидан берилган шикоятлар мустасно.
(101-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 31 майдаги ЎРҚ-691-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 31.05.2021 й., 03/21/691/0508-сон)
Мурожаатлар қайдлов дафтарида рўйхатга олиниши лозим.
Сайлов комиссиясининг раиси мурожаатни кўриб чиқиш ва унга доир қарор қабул қилиш учун тегишли комиссияни ушбу Кодексда белгиланган муддатларда чақиради ва унинг мажлисини ўтказади. Мажлисга манфаатдор шахслар таклиф этилиши мумкин.
Қўйилган масалаларни ҳал этиш ўз ваколатига кирмайдиган участка сайлов комиссиясига келиб тушган мурожаат уч кунлик муддатда тегишли органларга мурожаат юборган шахс бу ҳақда хабардор қилинган ҳолда юборилади.
Мурожаатни кўриб чиққан сайлов комиссиялари аъзолари уни кўриб чиқиш натижалари ва қабул қилинган қарор тўғрисида мурожаат юборган шахсни хабардор қилиши шарт.