Сиёсий партияларнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайловда, маҳаллий Кенгашларга сайловда иштирок этишини молиялаштириш белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ана шу мақсадлар учун ажратиладиган маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Сиёсий партияларнинг сайловда иштирок этишини молиялаштириш учун ажратиладиган давлат маблағларининг бир номзод ҳисобига тўғри келадиган миқдори Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланади. Бу ҳақдаги ахборот Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида, шунингдек зарур ҳолларда, бошқа манбаларда эълон қилинади.
(100-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 8 февралдаги ЎРҚ-670-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 09.02.2021 й., 03/21/670/0089-сон)
Сиёсий партиянинг сайловда иштирок этишини молиялаштириш учун давлат маблағлари шу партиядан кўрсатилган номзодлар рўйхатга олинганидан кейин рўйхатга олинган номзодлар сонига мувофиқ ҳажмда сиёсий партиянинг ҳисобварағига ўтказилади.
Сиёсий партияларнинг сайловда иштирок этишини молиялаштириш учун ажратилган давлат маблағлари:
ташвиқот олиб боришга;
номзодларнинг ишончли вакиллари ва ташвиқот ўтказиш учун жалб қилинадиган бошқа фаоллар ишини ташкил этишга;
сайлов кампаниясини ўтказишга доир умумпартиявий тадбирларга сарфланади.
Сиёсий партиялар ўзининг сайловда иштирок этишини молиялаштириш тўғрисидаги ахборотни сайлов якунлари эълон қилинганидан кейин бир ой ичида ўз расмий веб-сайтларида ва босма нашрларида эълон қилади.