Марказий сайлов комиссиясини, вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссияларини, округ ва участка сайлов комиссияларини сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан амалга оширилади.
Марказий сайлов комиссиясини молиялаштириш Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетида алоҳида сатрда назарда тутилади.
Сайлов комиссиялари ишига жалб этиладиган шахсларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш сайловни ўтказиш учун ажратилган маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.
Сайлов комиссияларининг аъзоларига сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишга доир харажатлар сметасида кўрсатилган миқдорда транспорт, овқатланиш харажатларининг ва бошқа харажатларнинг ўрнини қоплаш мақсадида компенсация тўланади.
Сайлов комиссиясининг доимий иш жойига эга бўлмаган аъзоларига, шу жумладан пенсионерларга меҳнатга ҳақ тўлашнинг ягона тариф сеткасига мувофиқ иш ҳақи тўланади.
(99-модда Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 8 февралдаги ЎРҚ-670-сонли Қонунига асосан тўртинчи ва бешинчи қисмлар билан тўлдирилган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 09.02.2021 й., 03/21/670/0089-сон)