Маҳаллий Кенгашларга сайловни ташкил этиш ва ўтказиш учун:
халқ депутатлари вилоят Кенгашига сайлов ўтказиш бўйича вилоят сайлов комиссияси;
халқ депутатлари туман Кенгашига сайлов ўтказиш бўйича туман сайлов комиссияси;
халқ депутатлари шаҳар Кенгашига сайлов ўтказиш бўйича шаҳар сайлов комиссияси тузилади.
Вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссиялари, бундан ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар мустасно, тегишли маҳаллий Кенгашлар томонидан сайловга камида саксон кун қолганда ўн бир — йигирма бир нафар комиссия аъзосидан иборат таркибда тузилади ҳамда ўз ваколатларини кейинги сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилингунига қадар амалга оширади.
Янги ташкил этилган маъмурий-ҳудудий бирликларда халқ депутатлари вилоят Кенгашига сайлов ўтказиш бўйича вилоят сайлов комиссияси Сенат томонидан, халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгаши сайловини ўтказиш бўйича туман, шаҳар сайлов комиссиялари эса тегишли халқ депутатлари вилоят Кенгаши томонидан сайловга камида йигирма беш кун қолганда ўн бир — йигирма бир нафар комиссия аъзосидан иборат таркибда тузилади ҳамда ўз ваколатларини кейинги сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилингунига қадар амалга оширади.
Вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссияларининг раислари ушбу комиссия аъзолари орасидан сайлов комиссияси мажлисида тегишли маҳаллий Кенгашнинг тақдимномасига биноан сайланади. Ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган тақдирда эса вилоят сайлов комиссияси раиси Сенат томонидан тайинланади.
(19-модданинг иккинчи ва учинчи қисмлари Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 16 июндаги ЎРҚ-779-сонли Қонунига асосан иккинчи, учинчи ва тўртинчи қисмлар билан алмаштирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 16.06.2022 й., 03/22/779/0528-сон)
Комиссия раисининг ўринбосари ва комиссия котиби комиссия мажлисида унинг аъзолари орасидан сайланади. Вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссиялари расмий веб-сайтларида ва матбуот нашрларида ўз таркиби, манзили ва комиссиянинг телефон рақамлари тўғрисидаги маълумотларни эълон қилади.