Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича округ сайлов комиссияси Марказий сайлов комиссияси томонидан сайловга камида етмиш кун қолганида комиссия раиси, раис ўринбосари, котибидан ва комиссиянинг саккиз — ўн саккиз нафар бошқа аъзоларидан иборат таркибда тузилади.
Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш бўйича округ сайлов комиссияси Марказий сайлов комиссияси томонидан, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказиш бўйича округ сайлов комиссияси эса тегишли вилоят, Тошкент шаҳар сайлов комиссияси томонидан сайловга камида етмиш кун қолганида комиссия раиси, раис ўринбосари, котибидан ва комиссиянинг олти — саккиз нафар бошқа аъзоларидан иборат таркибда тузилади.
(21-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 31 майдаги ЎРҚ-691-сонли Қонунига асосан биринчи ва иккинчи қисмлар билан алмаштирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 31.05.2021 й., 03/21/691/0508-сон)
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ва Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш бўйича округ сайлов комиссиялари аъзолигига номзодлар Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг мажлисларида муҳокама қилинади ҳамда Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқлаш учун тавсия этилади.
Халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказиш бўйича округ сайлов комиссияларининг аъзолари халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларининг тавсиясига биноан тасдиқланади.
(21-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 8 февралдаги ЎРҚ-670-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 09.02.2021 й., 03/21/670/0089-сон)
Халқ депутатлари туман, шаҳар (бундан халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши мустасно) Кенгашига сайлов ўтказиш бўйича округ сайлов комиссиялари тузилмайди.
(21-модданинг тўртинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 8 февралдаги ЎРҚ-670-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 09.02.2021 й., 03/21/670/0089-сон)
Округ сайлов комиссиясининг аъзолари жамоатчиликнинг обрў-эътиборли вакиллари орасидан тасдиқланади.