Солиқ текширувлари солиқ тўловчилар, йиғимларни тўловчилар ва солиқ агентлари томонидан солиқ тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан назорат қилиш мақсадида ўтказилади.
(137-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
Солиқ текшируви солиқ тўловчи тўғрисида солиқ органларида мавжуд бўлган маълумотларни ўрганиш ва таҳлил қилиш асосида амалга оширилади.
Солиқ органлари солиқ текширувларининг қуйидаги турларини ўтказади:
1) камерал солиқ текшируви;
2) сайёр солиқ текшируви;
3) солиқ аудити;
4) трансферт нархнинг шаклланишини текшириш.
(137-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-1108-сонли Қонунига асосан 4-банд билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 25.12.2025 й., 03/25/1108/1217-сон. Кучга кириш санаси — 2026 йил 1 январь)
Тадбиркорлик субъектлари юқори барқарорлик рейтингининг «ААА» тоифасидаги тадбиркорлик субъектларига нисбатан (бундан давлат корхоналари ҳамда устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз миқдорда ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар мустасно) солиқ текширувлари ўтказилмайди (бундан жиноий ишлар доирасида ўтказиладиган текширувлар мустасно).
(137-модда Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 15 ноябрдаги ЎРҚ-1000-сонли Қонунига асосан тўртинчи қисм билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 16.11.2024 й., 03/24/1000/0928-сон)