Солиқ тўловчиларнинг солиқлар ва йиғимларни ҳисоблаб чиқариш ҳамда тўлаш соҳасидаги айрим мажбуриятларини, шунингдек солиқ тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган бошқа мажбуриятларини бажарилишини текшириш сайёр солиқ текширувидир.
(139-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
Сайёр солиқ текшируви чоғида ҳисобга олиш ҳужжатларининг, товар-моддий қимматликлар ва пул маблағлари ҳаракатининг, шунингдек солиқ тўловчининг фаолияти билан боғлиқ бўлган бошқа ахборотнинг таҳлили ўтказилади.
Сайёр солиқ текширувларини ўтказиш чоғида солиқ органлари профилактика тадбирларини ва хронометраж кузатувларини амалга оширишга, назорат-касса техникаси ва тўлов терминаллари қўлланилишини текширишга ва солиқ назоратининг бошқа тадбирларини ўтказишга ҳақли.
Сайёр солиқ текшируви солиқ органи раҳбарининг (раҳбари ўринбосарининг) буйруғи асосида ўтказилади. Буйруқда солиқ тўловчининг номи, текширувчи шахсларнинг фамилияси, исми, отасининг исми ҳамда лавозими, текширувларни ўтказиш муддатлари ва мақсади кўрсатилади.
Сайёр солиқ текшируви ўн кундан кўп бўлмаган муддатда ўтказилади.
Сайёр солиқ текширувини тайинлаш тўғрисидаги буйруқда кўрсатилган сана ушбу текширувни ўтказиш муддатининг бошланиши деб ҳисобланади.
Солиқ тўловчига сайёр солиқ текшируви далолатномасини топширилган ёки солиқ тўловчининг шахсий кабинетига электрон ҳужжат тарзида юборилган кун сайёр солиқ текшируви муддатининг тугаши деб ҳисобланади.
(139-модданинг еттинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-1108-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 25.12.2025 й., 03/25/1108/1217-сон. Кучга кириш санаси — 2026 йил 1 январь)
(139-модданинг саккизинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 11 мартдаги ЎРҚ-758-сонли Қонунига асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 12.03.2022 й., 03/22/758/0207-сон)
Сайёр солиқ текшируви ўтказиш тўғрисидаги низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
(139-модданинг саккизинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 11 мартдаги ЎРҚ-758-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 12.03.2022 й., 03/22/758/0207-сон)