Суғурта қилиш, биргаликда суғурта қилиш ва қайта суғурта қилиш хизматлари бўйича суғурта бозорининг профессионал иштирокчилари томонидан амалга ошириладиган суғурта қилиш бўйича хизматлар бу хизматлар натижасида:

1) суғурта бозорининг профессионал иштирокчиси қуйидагиларни олса, қўшилган қиймат солиғидан озод қилинади:

суғурта қилиш, биргаликда суғурта қилиш ва қайта суғурта қилиш шартномалари бўйича суғурта мукофотлари;

қайта суғурта қилишга топширилган шартномалар бўйича воситачилик ҳақи ва тантьемалар;

суғурта агенти, суғурта ва қайта суғурта брокери, сюрвейер ҳамда суғурта бозорининг бошқа профессионал иштирокчиларининг хизматлари учун воситачилик ҳақи;

суғурта бозорининг профессионал иштирокчилари (актуарийлар, ажастерлар, сюрвейерлар, ассистанс хизматлари ва шу сингарилар) кўрсатган хизматлардан олинадиган даромадлар;

қонунчиликка мувофиқ суғурталовчига ўтган, суғурта қилдирувчининг (наф олувчининг) етказилган зарар учун жавобгар шахслардан талаб қилиш ҳуқуқини реализация қилишдан олинадиган маблағлар;

(245-модда биринчи қисми 1-бандининг олтинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)

қайта суғурта қилиш шартномалари муддатидан илгари тугатилган тақдирда, улар бўйича суғурта мукофотларининг қайтариб берилган қисми суммалари;

бевосита суғурта фаолиятини амалга оширишдан олинадиган бошқа даромадлар;

2) суғурта қилдирувчи (наф олувчи) қуйидагиларни олса, қўшилган қиймат солиғидан озод қилинади:

суғурта тўлови (суғурта товони);

превентив тадбирлар ўтказиш учун бериладиган маблағлар;

суғурта қилиш шартномаси зарарсиз амал қилиши учун суғурталовчи тўлайдиган маблағлар;

суғурта қилиш шартномасига мувофиқ бошқа маблағлар.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда ушбу модда қоидаларининг қўлланилиш тартиби юзасидан, айрим айланмаларни батафсиллаштирган ҳолда, тушунтиришлар беришга ҳақли.