Товарлар экспорт қилинганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар қуйидагилардан иборат:
1) контракт (контрактнинг белгиланган тартибда тасдиқланган кўчирма нусхаси);
2) товарларни Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудидан олиб чиқиш учун асос бўлган божхона юк декларацияси, миллий ва хорижий электрон савдо майдончаларида (электрон савдо платформаларида) хорижий давлатларга реализация қилинган товарлар бўйича Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудидан олиб чиқиш учун асос бўлган ҳужжатлар;
(261-модда биринчи қисмининг 2-банди Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-1108-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 25.12.2025 й., 03/25/1108/1217-сон. Кучга кириш санаси — 2026 йил 1 январь)
3) Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудидан ўтказиш пунктида жойлашган божхона органининг товарлар ортилган транспорт воситалари божхона чегарасини кесиб ўтганлигини тасдиқловчи белгиси қўйилган товарнинг кузатув ҳужжатлари.
(261-модда биринчи қисмининг 3-банди Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 24 декабрдаги ЎРҚ-1014-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 26.12.2024 й., 03/24/1014/1067-сон. Кучга кириш санаси — 2025 йил 1 январь. 2023 йил 1 декабрдан эътиборан ушбу Қонун кучга киргунига қадар бўлган даврдаги экспорт операцияларига нисбатан ҳам татбиқ этилади)
Божхона органлари томонидан реал вақт режимида электрон ахборот алмашинуви воситасида солиқ органларига ушбу Кодекснинг 133-моддасига мувофиқ товарлар божхона чегарасини кесиб ўтганлиги тўғрисида тақдим этилган маълумотлар товарлар экспорт қилинганлигини тасдиқлаш учун асос бўлади.
(261-модда Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 24 декабрдаги ЎРҚ-1014-сонли Қонунига асосан иккинчи қисм билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 26.12.2024 й., 03/24/1014/1067-сон. Кучга кириш санаси — 2025 йил 1 январь. 2023 йил 1 декабрдан эътиборан ушбу Қонун кучга киргунига қадар бўлган даврдаги экспорт операцияларига нисбатан ҳам татбиқ этилади)
Товарлар экспортга воситачи (ишончли вакил) орқали воситачилик (топшириқ) шартномаси бўйича реализация қилинганда экспортни тасдиқлаш учун комитент (ишонч билдирувчи) томонидан қўшимча тарзда солиқ тўловчининг воситачи ёки ишончли вакил билан тузилган воситачилик шартномаси ёки топшириқ шартномаси (шартноманинг кўчирма нусхаси) тақдим этилади.
Товарлар экспорт қилинганлигини тасдиқлаш учун амалга оширилаётган фаолиятнинг турига қараб бошқа ҳужжатлар тақдим этилиши мумкин. Солиқ тўловчининг амалга ошириладиган фаолият турига қараб ноль солиқ ставкасини қўллаш ҳуқуқини тасдиқлаш учун зарур бўлган ҳужжатлар рўйхати ҳамда уларни тақдим этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
(261-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 11 мартдаги ЎРҚ-758-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 12.03.2022 й., 03/22/758/0207-сон)