Ноль ставка бўйича солиқ солиш қуйидагиларни реализация қилиш чоғида амалга оширилади:

1) товарларни халқаро ташиш бўйича хизматларни. Товарларни халқаро ташиш деганда товарларнинг жўнатиш пункти ёки белгиланган пункти Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида жойлашган тақдирда товарларни ҳаво кемалари, темир йўл транспорти ва (ёки) автотранспорт воситалари орқали ташиш тушунилади;

2) чет элдан келтирилган товарларни ташиш чоғида божхона транзити божхона тартиб-таомилига жойлаштирилган товарларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига етиб келиш жойидаги божхона органидан то Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиб кетиш жойидаги божхона органигача ташиш ёки транспортда ташиш билан бевосита боғлиқ бўлган хизматларни;

3) ташишлар ягона халқаро ташиш ҳужжатлари асосида расмийлаштирилган тақдирда, башарти йўловчиларни, почтани ва багажни жўнатиш пункти ёки белгиланган пункти Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида жойлашган бўлса, йўловчиларни, почтани ва багажни ташиш бўйича хизматларни;

4) Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига экспорт қилинадиган товарларни ташиш ёки транспортда ташиш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги қайта ишлаш маҳсулотларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан олиб чиқиш бўйича Ўзбекистон Республикасининг юридик шахслари бўлган ташувчилар томонидан кўрсатиладиган хизматларни. Ушбу банднинг қоидалари, башарти ташиш ҳужжатларида божхона органларининг белгилари қўйилган бўлса, қўлланилади;

5) халқаро ташишда ҳаво кемаларига бевосита Ўзбекистон Республикаси аэропортларида ва Ўзбекистон Республикасининг ҳаво ҳудудида кўрсатиладиган хизматларни, шу жумладан аэронавигация хизматларини.

(263-модда биринчи қисмининг 5-банди Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-1108-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 25.12.2025 й., 03/25/1108/1217-сон. Кучга кириш санаси — 2026 йил 1 январь)

Ушбу модданинг қоидалари товарларни халқаро ташишни ташкил этишда транспорт экспедицияси шартномаларига асосан кўрсатиладиган транспорт-экспедиторлик хизматларига нисбатан ҳам татбиқ этилади.

Ушбу модда мақсадида транспорт-экспедиторлик хизматлари жумласига юкларни қабул қилиш ва етказиб бериш, ортиш-тушириш ва сақлаш, юкларни суғурталашни ташкил этиш, товарларнинг ва транспорт воситаларининг божхона расмийлаштируви хизматлари, етказиб бериш муддатлари тугаганидан кейин юкларни қидириш, уларни экспедиторнинг омборхоналарида сақлаш хизматлари киради.

(263-модда Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-1104-сонли Қонунига асосан иккинчи ва учинчи қисмлар билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 25.12.2025 й., 03/25/1104/1213-сон)