(Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 24 декабрдаги ЎРҚ-1014-сонли Қонунига асосан 428-модда биринчи қисмининг чиқарилиш санаси 2025 йил 1 январь — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 26.12.2024 й., 03/24/1014/1067-сон)

Солиқ солинмайдиган ер участкалари жумласига қуйидаги ерлар киради:

маданият, таълим, соғлиқни сақлаш (бундан туристик зоналарда жойлашган санаторий-курорт объектлари банд қилган ерлар мустасно) ва ижтимоий таъминот объектлари эгаллаган ерлар;

(428-модда иккинчи қисмининг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 30 декабрдаги ЎРҚ-659-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 31.12.2020 й., 03/20/659/1681-сон — 2021 йил 1 январдан кучга киради)

спорт ва жисмоний тарбия-соғломлаштириш мажмуалари, ўқув-машқ базалари ва болалар-соғломлаштириш оромгоҳлари эгаллаган ерлар;

(428-модда иккинчи қисмининг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 30 декабрдаги ЎРҚ-659-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 31.12.2020 й., 03/20/659/1681-сон — 2021 йил 1 январдан кучга киради)

шаҳар электр транспорти йўллари ва метрополитен линиялари, шу жумладан жамоат транспорти бекатлари ва метрополитен станциялари ҳамда уларнинг иншоотлари эгаллаган ерлар;

аҳоли пунктларининг сув таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш иншоотлари (магистрал сув қувурлари, водопровод тармоқлари, оқова сувларни чиқариб юбориш коллекторлари ва уларнинг иншоотлари, насос станциялари, сув олиш ва тозалаш иншоотлари, водопровод ва оқова сувларни чиқариб юбориш тармоқларидаги кузатиш қудуқлари ва дюкерлари, сув босими ҳосил қиладиган миноралар ҳамда шунга ўхшаш иншоотлар эгаллаган ерлар);

(428-модда иккинчи қисмининг бешинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 29 августдаги ЎРҚ-951-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.08.2024 й., 03/24/951/0673-сон)

магистрал иссиқлик трассалари, шу жумладан насос (кўпайтирувчи, камайтирувчи, аралаштирувчи, дренаж) станциялари, иссиқ сув таъминотининг иссиқликни ҳисобга олиш ва назорат қилиш асбоблари, иситкичлари, циркуляция насослари ҳамда шунга ўхшаш иншоотлар эгаллаган ерлар;

иҳота ўрмон дарахтзорлари эгаллаган ерлар. Иҳота ўрмон дарахтзорлари жумласига қуйидагилар киради: ўрмонларнинг дарёлар, кўллар, сув омборлари ва бошқа сув объектлари соҳиллари бўйлаб ўтган тақиқланган минтақалари; ўрмонларнинг овланадиган қимматли балиқлар увилдириқ сочадиган жойларни муҳофаза қилувчи тақиқланган минтақалари; эрозиядан сақлайдиган ўрмонлар; ўрмонларнинг темир йўллар ва автомобиль йўллари ёқалаб ўтган иҳота минтақалари; чўл ва чала чўл зоналаридаги ўрмонлар; шаҳар ўрмонлари ва ўрмон-боғлари; шаҳарлар, бошқа аҳоли пунктлари ва саноат марказларининг кўкаламзорлаштирилган зоналари атрофидаги ўрмонлар; сув таъминоти манбаларини санитария жиҳатидан муҳофаза қилиш зоналаридаги ўрмонлар; курорт табиий ҳудудларни санитария жиҳатидан муҳофаза қилиш теграсидаги ўрмонлар; алоҳида қимматга эга бўлган ўрмонлар; илмий ёки тарихий аҳамиятга эга бўлган ўрмонлар;

сувни тежайдиган (томчилатиб, ёмғирлатиб, дискрет ва бошқа) суғориш технологиялари жорий этилган ерлар — сувни тежайдиган суғориш технологиялари жорий этилган ойнинг бошидан эътиборан беш йил муддатга. Ушбу имтиёз сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли соҳасидаги ваколатли органнинг хулосаси асосида берилади. Агарда сувни тежайдиган суғориш технологиялари жорий этилган ойнинг бошидан бошлаб беш йил давомида фойдаланишга яроқсиз бўлган ёки демонтаж қилинган бўлса, солиқ имтиёзи бутун солиқ даври учун солиқни тўлаш бўйича мажбуриятларнинг тикланиши билан бекор қилинади;

(428-модда иккинчи қисмининг саккизинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 30 декабрдаги ЎРҚ-659-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 31.12.2020 й., 03/20/659/1681-сон — 2021 йил 1 январдан кучга киради)

қишлоқ хўжалиги мақсадлари учун янги ўзлаштирилаётган ерлар — ваколатли орган томонидан тасдиқланган лойиҳага мувофиқ, уларни ўзлаштириш ишлари бажариладиган даврда ва улар ўзлаштирилган вақтдан эътиборан беш йил мобайнида;

мелиорация ишлари амалга оширилаётган мавжуд суғориладиган ерлар — ваколатли орган томонидан тасдиқланган лойиҳага мувофиқ, ишлар бошланганидан эътиборан беш йил муддатга;

(Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 24 декабрдаги ЎРҚ-1014-сонли Қонунига асосан 428-модда биринчи қисми ўн биринчи хатбошисининг чиқарилиш санаси 2025 йил 1 январь — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 26.12.2024 й., 03/24/1014/1067-сон)

илмий ташкилотларнинг, қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги соҳасидаги илмий-тадқиқот ташкилотлари ҳамда ўқув юртларига қарашли тажриба, экспериментал ва ўқув-тажриба хўжаликларининг бевосита илмий ҳамда ўқув мақсадлари учун фойдаланиладиган қишлоқ хўжалиги аҳамиятига молик бўлган ерлар ва ўрмон фондининг ерлари. Ушбу хатбошига мувофиқ илмий тажрибалар, экспериментал ишлар, янги навларнинг селекцияси ўтказилиши учун ҳамда мавзулари тасдиқланган бошқа илмий ва ўқув мақсадлари учун фойдаланиладиган экинлар ҳамда дарахтзорлар эгаллаган ер участкалари солиқ тўлашдан озод қилинади.

(428-модда биринчи қисмининг ўн биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2026 йил 17 апрелдаги ЎРҚ-1131-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 18.04.2026 й., 03/26/1131/0377-сон. Кучга кириш санаси — 2026 йил 19 июль)

қишлоқ жойларда жойлашган (бундан шаҳарлар ва туманларнинг марказлари мустасно) антенна-мачта металл конструкциялари, шунингдек уларга ўрнатилган ҳамда уларнинг ажралмас қисми бўлган конструкциялар эгаллаган ер участкалари;

(428-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 26 июлдаги ЎРҚ-785-сонли Қонунига асосан ўн учинчи хатбоши билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 27.07.2022 й., 03/22/785/0679-сон — ушбу хатбошининг қоидалари 2022 йил 1 апрелдан эътиборан юзага келган муносабатларга нисбатан ҳам татбиқ этилади)

қайта тикланувчи энергия манбаларининг умумий қуввати қуйидагича бўлган алоҳида турувчи қурилмалари билан банд бўлган ер участкалари:

100 кВтгача — қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари фойдаланишга топширилган ойдан эътиборан уч йил муддатга, қуёш панеллари қувватидан 25 фоиздан кам бўлмаган қувватга эга электр энергиясини тўплаш тизими мавжуд бўлган қуёш панеллари ўрнатилганда эса — ушбу панеллар фойдаланишга топширилган ойдан эътиборан ўн йил муддатга;

100 кВт ва ундан кўпроқ — улар фойдаланишга топширилган ойдан эътиборан ўн йил муддатга.

(428-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 24 декабрдаги ЎРҚ-1014-сонли Қонунига асосан ўн учинчи, ўн тўртинчи ва ўн бешинчи хатбошилар билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 26.12.2024 й., 03/24/1014/1067-сон. Кучга кириш санаси — 2025 йил 1 январь)

Янги барпо этилаётган боғлар, токзорлар ва тутзорлар эгаллаган ер участкалари (дарахтларнинг қатор ораларидан қишлоқ хўжалиги экинларини экиш учун фойдаланилишидан қатъи назар) учун беш йил муддатга 50 фоизга камайтирилган солиқ ставкаси бўйича солиқ тўланади. Бунда ваколатли орган томонидан боғлар ва токзорларни иқтисодий жиҳатдан самарасиз ва ҳосилдорлиги паст деб топиш тўғрисидаги хулоса берилган кундан эътиборан ўн икки ой ичида янги боғлар ва токзорлар барпо этилмаган ер участкаларига нисбатан солиқ ставкаси уч баравар миқдорда оширилган ҳолда белгиланади.

Ушбу модданинг иккинчи қисмида кўрсатилган солиқ имтиёзи муддатини ҳисоблаш кузда янги ўтқазилган кўчатлар учун кейинги йилнинг 1 январидан эътиборан, баҳорда янги ўтқазилган кўчатлар учун эса жорий солиқ даврининг 1 январидан эътиборан бошланади.

Ушбу моддада белгиланган солиқ имтиёзлари бевосита мўлжалланилган мақсадда фойдаланилмаётган ер участкаларига нисбатан татбиқ этилмайди.

(428-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 24 декабрдаги ЎРҚ-1014-сонли Қонунига асосан иккинчи, учинчи ва тўртинчи қисмлар билан алмаштирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 26.12.2024 й., 03/24/1014/1067-сон. Кучга кириш санаси — 2025 йил 1 январь)