Қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланмаган ерлар учун базавий солиқ ставкалари республика ҳудудлари кесимида 1 гектар учун мутлақ ўлчамда қуйидаги миқдорларда белгиланади:

(429-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-1108-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 25.12.2025 й., 03/25/1108/1217-сон. Кучга кириш санаси — 2026 йил 1 январь)

Қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланмаган ерлар учун солиқ ставкаларининг аниқ миқдори қуйидаги тартибда аниқланади:

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва вилоятлар халқ депутатлари Кенгашлари 0,5 дан 2,0 гача бўлган камайтирувчи ва оширувчи коэффициентларни қўллаган ҳолда, ушбу модданинг биринчи қисмида белгиланган базавий солиқ ставкалари асосида қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар учун туман ва шаҳарлар кесимида, уларнинг иқтисодий ривожланишига қараб, солиқ ставкаларини белгилайди;

туманлар ва шаҳарлар халқ депутатлари Кенгашлари, ушбу модда иккинчи қисмининг иккинчи хатбошисида белгиланган солиқ ставкаларига, Тошкент шаҳри учун эса — ушбу модданинг биринчи қисмида белгиланган базавий солиқ ставкаларига 0,7 дан 3,0 гача бўлган камайтирувчи ва оширувчи коэффициентларни уларнинг ҳудудларида жойлашган даҳа, массив, маҳалла, кўча кесимида киритади.

(429-модда Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 30 декабрдаги ЎРҚ-659-сонли Қонунига асосан иккинчи қисм билан тўлдирилган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 31.12.2020 й., 03/20/659/1681-сон — 2021 йил 1 январдан кучга киради)

Туманлар ва шаҳарлар халқ депутатлари Кенгашлари томонидан жорий солиқ даври учун солиқ ставкалари қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкалари жойлашган жойдаги солиқ органларига ҳар йили 10 январга қадар тақдим этилади. Ер участкалари жойлашган жойдаги солиқ органлари ушбу солиқ ставкаларини беш кун ичида солиқ тўловчиларга маълумот учун етказишлари керак.

(429-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 28 декабрдаги ЎРҚ-891-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.12.2023 й., 03/23/891/0989-сон — 2024 йил 1 январдан кучга киради)

Қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган ерлар учун солиқ ставкалари қишлоқ хўжалиги экинзорларининг норматив қийматига нисбатан 0,95 фоиз миқдорда белгиланади.

(429-модданинг тўртинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 30 декабрдаги ЎРҚ-659-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 31.12.2020 й., 03/20/659/1681-сон — 2021 йил 1 январдан кучга киради)

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларининг дала четларидаги каналлар, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари атрофидаги қонунчиликка мувофиқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш белгиланган майдонларида ҳар йили 1 майга қадар мақбул экин экилмаганлиги тўғрисида ушбу Кодекс 133-моддасининг тўртинчи қисмига биноан тақдим этилган ахборотга асосан мазкур ер участкасининг мақбул экин экилмаган қисми учун жорий йилги ер солиғи ставкаси уч баравар миқдорда оширилган ҳолда ҳисобланади.

(429-модда Ўзбекистон Республикасининг 2026 йил 13 апрелдаги ЎРҚ-1128-сонли Қонунига асосан бешинчи қисм билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 13.04.2026 й., 03/26/1128/0349-сон. Кучга кириш санаси — 2026 йил 14 июль)

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар учун белгиланган ставкага нисбатан 0,5 дан 1,2 гача бўлган камайтирувчи ва оширувчи коэффициентларни қўллашга ҳақли.

Иссиқхона хўжаликлари эгаллаган ерлар учун солиқ қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларга нисбатан белгиланган ставкаларда тўланади. Бунда мазкур ер участкаларининг норматив қиймати қонунчиликда белгиланган тартибда аниқланади.

(429-модда Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-1108-сонли Қонунига асосан бешинчи ва олтинчи қисмлар билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 25.12.2025 й., 03/25/1108/1217-сон. Кучга кириш санаси — 2026 йил 1 январь)

Қишлоқ хўжалиги корхоналари балансида бўлган, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва сақлаш, шунингдек ипак қурти етиштиришда фойдаланиладиган бинолар ва иншоотлар жойлашган ерлар (бундан ижара ҳуқуқи асосида фойдаланилаётган ер участкаларида жойлашган ва имтиёзлар татбиқ этиладиган объектлар мустасно) учун солиқ халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашлари томонидан белгиланган солиқ ставкаларига нисбатан 0,2 коэффициент қўлланилган ҳолда тўланади.

(429-модда Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 24 декабрдаги ЎРҚ-1014-сонли Қонунига асосан бешинчи қисм билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 26.12.2024 й., 03/24/1014/1067-сон. Кучга кириш санаси — 2025 йил 1 январь. 2024 йил 1 январдан эътиборан юзага келган муносабатларга нисбатан ҳам татбиқ этилади)

Ягона иштирокчилари ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмаларидан иборат бўлган ва ходимлар умумий сонининг камида 50 фоизини ногиронлиги бўлган шахслар ташкил этадиган ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш фонди меҳнатга ҳақ тўлаш умумий фондининг камида 50 фоизини ташкил этадиган юридик шахслар томонидан эгалланган ер участкаларига нисбатан солиқ ставкаларига 0,1 коэффициент қўлланилади.

(429-модданинг олтинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-1104-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 25.12.2025 й., 03/25/1104/1213-сон)

Қуйидагилар эгаллаган ер участкалари учун солиқ ставкасига 0,48 коэффициент қўлланилади:

(429-модда тўққизинчи қисмининг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-1108-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 25.12.2025 й., 03/25/1108/1217-сон. Кучга кириш санаси — 2026 йил 1 январь)

(429-модда олтинчи қисмининг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 29 декабрдаги ЎРҚ-741-сонли Қонунига асосан чиқарилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.12.2021 й., 03/21/741/1219-сон)

электр узатиш линиялари, уларнинг подстанциялари ва иншоотлари эгаллаган ерлар;

умумдавлат алоқа линиялари (ҳаво ва кабелли алоқа линиялари, тиргакли линиялар ва радиофикациялар, ер ости кабелли линиялари, уларни билдирувчи сигналли ва ҳаракатсиз белгилар, радиореле алоқа линиялари, кабелли телефон канализациялари, ер устидаги ва ер остидаги хизмат кўрсатилмайдиган кучайтиргич пунктлари, тақсимлагич шкафлар, ерга улаш контури қутилари ҳамда бошқа алоқа иншоотлари) эгаллаган ерлар;

умумий фойдаланишдаги темир йўллар, шу жумладан тупроқ кўтармаси, сунъий иншоотлар, линия-йўл бинолари, темир йўл алоқаси ҳамда электр таъминоти қурилмалари, иншоотлар ва йўл қурилмаларидан иборат темир йўл станциялари ҳамда саралаш жойлари, шунингдек белгиланган тартибда темир йўл транспорти корхоналари, муассасалари ва ташкилотларига доимий ёки вақтинчалик фойдаланишга берилган иҳота дарахтзорлари эгаллаган ерлар;

магистрал нефть ва газ қувурлари, шу жумладан компрессор, насос станциялари, ёнғинга қарши ва аварияга қарши станциялар, қувурларни катодли ҳимоялаш станциялари уларни тармоққа улаш узеллари билан, қувурларни тозалаш қурилмалари ҳамда шунга ўхшаш иншоотлар банд этган ерлар;

самолётларнинг учиш-қўниш майдонлари, ерда бошқариш йўлкалари ва тўхташ жойлари, фуқаро авиацияси аэропортларининг радионавигация ва электр ёритиш ускуналари эгаллаган ерлар;

Ўзбекистон Республикасининг ривожлантириш Давлат дастурларига киритилган объектлар қурилиши учун ажратилган ерлар — қурилишнинг норматив муддати даврида;

консервацияга қўйилиши тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари қабул қилинган объектлар эгаллаган ерлар — уларнинг консервацияси даврида.

Ушбу модданинг саккизинчи ва тўққизинчи қисмлари белгиланган тартибда юридик шахсларга ажратилган ер участкаларига нисбатан қўлланилади.

(429-модданинг ўнинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-1108-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 25.12.2025 й., 03/25/1108/1217-сон. Кучга кириш санаси — 2026 йил 1 январь)

Бунда ушбу модда тўққизинчи қисмининг иккинчи — бешинчи хатбошиларида назарда тутилган объектларга нисбатан республиканинг ҳар бир тумани ва шаҳари бўйича ўртача белгиланган солиқ ставкасига нисбатан 0,48 коэффициент қўлланилади. Ҳар бир туман ва шаҳар бўйича ўртача солиқ ставкаси қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланмаган ер участкаси жойлашган жойдаги солиқ органлари томонидан халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашлари белгилаган солиқ ставкалари асосида аниқланади ҳамда улар ҳар йили 5 январга қадар солиқ тўловчилар эътиборига етказилади.

(429-модданинг ўн биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-1108-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 25.12.2025 й., 03/25/1108/1217-сон. Кучга кириш санаси — 2026 йил 1 январь)

Ер участкаси мулкдорининг, ер эгасининг, ердан фойдаланувчининг ёки ижарачининг айби билан қишлоқ хўжалиги ерларининг сифати ёмонлашган (бонитет бали пасайган) тақдирда, солиқ юридик шахслар томонидан ернинг сифати ёмонлашгунига қадар мавжуд бўлган бонитент балидан келиб чиқкан ҳолда тўланади.

Қишлоқ хўжалиги ерларининг сифати яхшиланган тақдирда (бонитет бали ошганда), солиқ юридик шахслар томонидан тупроқ бонитировкаси ўтказилган йилдан кейинги йилнинг бошидан янги бонитет балидан келиб чиққан ҳолда, қишлоқ хўжалиги ерларининг норматив қиймати бўйича, агротехник тадбирлар тугаган даврларда қайта ҳисоб-китоб қилинмасдан тўланади.

(Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 24 декабрдаги ЎРҚ-1014-сонли Қонунига асосан 429-модда ўн иккинчи қисмининг чиқарилиш санаси 2025 йил 1 январь — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 26.12.2024 й., 03/24/1014/1067-сон)

Қурилиши тугалланмаган объектлар эгаллаган ер участкалари учун, агар қонунчиликда бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, солиқ икки баравар солиқ ставкалари бўйича тўланади, шунингдек қонунчиликда белгиланган солиқ имтиёзлари ва камайтирувчи коэффициентлар мазкур ер участкаларида қурилиш тугаллангунига қадар уларга нисбатан татбиқ этилмайди.

(429-модданинг ўн иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 28 декабрдаги ЎРҚ-891-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.12.2023 й., 03/23/891/0989-сон — 2024 йил 1 январдан кучга киради)

(429-модданинг ўн учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 30 декабрдаги ЎРҚ-812-сонли Қонунига асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 31.12.2022 й., 03/22/812/1145-сон — 2022 йил 1 июлдан эътиборан юзага келган муносабатларга нисбатан ҳам татбиқ этилади)

Тугалланмаган қурилиш объектлари жумласига ушбу қурилиш объектига доир лойиҳа-смета ҳужжатларида белгиланган норматив муддатда қурилиши тугалланмаган объектлар, агар қурилишнинг норматив муддати белгиланмаган бўлса, ушбу объектларнинг қурилишига ваколатли бўлган органнинг рухсатномаси олинган ойдан эътиборан йигирма тўрт ой ичида қурилиши тугалланмаган объектлар киради.

Ер майдонларидан ҳужжатларсиз ёхуд ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларда кўрсатилганидан каттароқ ҳажмда фойдаланилганда солиқ ставкаси белгиланган солиқ ставкаларининг тўрт баравари миқдорида белгиланади.

Конлар ва карьерлар банд этган ерлар учун солиқ туманлар ва шаҳарлар халқ депутатлари Кенгашлари белгилаган солиқ ставкаларига нисбатан 0,1 коэффициент, лалми-яйлов зонада жойлашган ерлар учун эса — 0,05 коэффициент қўлланилган ҳолда тўланади.

(429-модданинг ўн тўртинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 14 сентябрдаги ЎРҚ-714-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 15.09.2021 й., 03/21/714/0874-сон — 2021 йил 1 январдан эътиборан юзага келадиган муносабатларга нисбатан ҳам татбиқ этилади)

Лалми-яйлов зонада жойлашган ерлар учун солиқ туманлар ва шаҳарлар халқ депутатлари Кенгашлари белгилаган солиқ ставкаларига нисбатан 0,3 коэффициент қўлланилган ҳолда тўланади, бундан ушбу модданинг ўн еттинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар мустасно.

(429-модданинг ўн саккизинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-1108-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 25.12.2025 й., 03/25/1108/1217-сон. Кучга кириш санаси — 2026 йил 1 январь)