Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи органнинг маълумотлари бўйича ер участкаларининг майдони солиқ базасидир.

Жисмоний шахсларга берилган, шунингдек деҳқон хўжалигини юритиш учун берилган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар бўйича солиқ базаси ушбу Кодекс 428-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ солиқ солинмайдиган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкалари чегириб ташланган ҳолда, ер участкаларининг қонунчиликка мувофиқ аниқланган норматив қийматидир. Бунда ер участкаларининг норматив қиймати тегишинча туманнинг (шаҳарнинг) суғориладиган ёки суғорилмайдиган ерлари учун ўртача ҳисобда аниқланади.

(435-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 30 декабрдаги ЎРҚ-812-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 31.12.2022 й., 03/22/812/1145-сон — 2023 йил 1 январдан кучга киради)

Жамоа боғдорчилиги, узумчилиги ва полизчилигини юритиш учун фуқароларга берилган, шунингдек якка тартибдаги ва жамоа гаражлари эгаллаган ер участкалари бўйича солиқ базаси ушбу ер участкаларини берган ташкилотлар бошқарув органларининг маълумотлари бўйича аниқланади.

(435-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 30 декабрдаги ЎРҚ-659-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 31.12.2020 й., 03/20/659/1681-сон — 2021 йил 1 январдан кучга киради)

Хизмат юзасидан берилган чек ер майдонлари бўйича солиқ базаси ўз ходимларига ер участкаларини берган корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг маълумотлари бўйича аниқланади.

Давлат кўчмас мулк объектини бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотиб олган харидорга мазкур объект эгаллаган, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер учун солиқ, агар мазкур объектга «тасарруф этиш ҳуқуқисиз» белгисини қўйган ҳолда давлат ордери берилган бўлса, ер участкасининг харидор томонидан мазкур объект бўйича сотиб олиш тўловларининг тўланган қисмига мутаносиб равишдаги улушга (фоизга) тенг майдони.

Бунда солиқлар давлат кўчмас мулк объекти бўйича сотиб олиш тўловларини бўлиб-бўлиб тўлаш графигига амал қилган ҳолда ундирилади. Ушбу график Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан Солиқ қўмитасига ахборот тизимлари орқали тақдим этилади.

(435-модда Ўзбекистон Республикасининг 2026 йил 17 мартдаги ЎРҚ-1122-сонли Қонунига асосан бешинчи ва олтинчи қисмлар билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 17.03.2026 й., 03/26/1122/0250-сон)