Турли солиқ солиш объектлари ва (ёки) солиқ ставкалари белгиланган бир неча фаолият тури билан шуғулланадиган солиқ тўловчилар бундай фаолият турлари бўйича алоҳида-алоҳида ҳисоб юритиши ҳамда солиқ тўловчиларнинг тегишли тоифалари учун белгиланган ставкалар бўйича солиқни тўлаши шарт.

Ушбу модда биринчи қисмининг қоидалари чакана савдо соҳасидаги мустақил юридик шахс бўлмаган турли аҳоли пунктларида жойлашган бир қанча савдо нуқталарига эга солиқ тўловчиларга нисбатан ҳам қўлланилади.

Ушбу Кодекс 297-моддаси учинчи қисмининг 5, 6, 10, 11, 12, 13, 14, 17, 18, 21, 22, 23, 25 ва 27-бандларида кўрсатилган даромадларга, шунингдек фоизлар тарзидаги даромадларга солиқ тўловчининг ҳисобот (солиқ) даври якунлари бўйича умумий жами даромадларидаги улуши устунлик қиладиган фаолият тури учун белгиланган солиқ ставкалари бўйича солиқ солинади.

(468-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 17 апрелдаги ЎРҚ-1057-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 17.04.2025 й., 03/25/1057/0351-сон)

Ҳисобот (солиқ) даврида ушбу Кодекс 467-моддасининг 2 — 5-бандларида кўрсатилган фаолият турлари мавжуд бўлмаганда, ушбу модданинг учинчи қисмида кўрсатилган даромадларга ушбу Кодекс 467-моддасининг 1-бандида белгиланган солиқ ставкаси бўйича солиқ солинади.

(468-модданинг тўртинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-1108-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 25.12.2025 й., 03/25/1108/1217-сон. Кучга кириш санаси — 2026 йил 1 январь)