Айланмадан олинадиган солиқни тўловчилар (бундан буён ушбу бўлимда солиқ тўловчилар деб юритилади) деб қуйидагилар эътироф этилади:
1) солиқ даврида жами даромади бир миллиард сўмдан ошмаган Ўзбекистон Республикаси юридик шахслари (бундан буён ушбу бўлимда юридик шахслар деб юритилади);
2) солиқ даврида товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган даромади бир миллиард сўмдан ошмаган якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахслар.
(461-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-1108-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 25.12.2025 й., 03/25/1108/1217-сон. Кучга кириш санаси — 2026 йил 1 январь)
Айланмадан олинадиган солиқ қуйидагиларга нисбатан татбиқ этилмайди:
1) Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали товарларни олиб киришни (импортни) амалга оширувчи юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларга ва ўзини ўзи банд қилган шахсларга;
(461-модда иккинчи қисмининг 1-банди Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-1108-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 25.12.2025 й., 03/25/1108/1217-сон. Кучга кириш санаси — 2026 йил 1 январь)
2) акциз солиғи тўланадиган товарларни (хизматларни) ишлаб чиқарувчи ва фойдали қазилмаларни кавлаб олишни амалга оширувчи юридик шахсларга;
3) юридик шахслар — қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларига, башарти уларда йигирма беш гектар ва ундан ортиқ суғориладиган қишлоқ хўжалиги экин майдони мавжуд бўлса;
(461-модда иккинчи қисмининг 3-банди Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 29 декабрдаги ЎРҚ-741-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.12.2021 й., 03/21/741/1219-сон)
4) бензин, дизель ёқилғиси ва газни реализация қилишни амалга оширувчи юридик шахсларга;
5) лотореяларни ташкил этиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи юридик шахсларга;
6) оддий ширкат ишларини юритиш ўз зиммасига юклатилган ишончли шахсга — оддий ширкат шартномаси доирасида амалга оширилаётган фаолият бўйича, бундан исломий молия операциялари бўйича банклар ва микромолия ташкилотлари билан тузилган оддий ширкат шартномаси доирасида амалга оширилаётган фаолият мустасно;
(461-модда иккинчи қисмининг 6-банди Ўзбекистон Республикасининг 2026 йил 27 мартдаги ЎРҚ-1126-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.03.2026 й., 03/26/1126/0279-сон. Кучга кириш санаси — 2026 йил 29 июнь)
7) бўш турган бинолар, яшаш учун мўлжалланмаган иншоотлар ва қурилиши тугалланмаган объектлар, шунингдек фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларининг мулкдори бўлган юридик шахсларга, улардан самарасиз фойдаланилаётганлиги бўйича қонунда белгиланган тартибда хулоса киритилганда;
8) марказлаштирилган молиялаштириш манбалари ҳисобидан объектларни (жорий ва капитал таъмирлаш бундан мустасно) қуришни бажарувчи юридик шахсларга;
9) алкоголь маҳсулотлари, шу жумладан пивони чакана сотиш бўйича турғун савдо шохобчаларига;
10) бозорларга ва савдо комплексларига;
(461-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 30 декабрдаги ЎРҚ-659-сонли Қонунига асосан 9 ва 10-бандлар билан тўлдирилган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 31.12.2020 й., 03/20/659/1681-сон — 2021 йил 1 январдан кучга киради)
11) солиқ маслаҳатчиларининг ташкилотларига;
12) аудиторлик ташкилотларига;
13) нотижорат ташкилотларига, шу жумладан бюджет ташкилотларига;
(461-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 29 декабрдаги ЎРҚ-741-сонли Қонунига асосан 11, 12 ва 13-бандлар билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.12.2021 й., 03/21/741/1219-сон)
14) дори воситалари, тиббий буюмлар савдоси билан шуғулланувчи корхоналарга ва (ёки) тиббий хизмат кўрсатувчи ташкилотларга;
(461-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-1104-сонли Қонунига асосан 14-банд билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 25.12.2025 й., 03/25/1104/1213-сон)
15) заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш ва (ёки) уларни сотиш фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига.
(461-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-1108-сонли Қонунига асосан 15-банд билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 25.12.2025 й., 03/25/1108/1217-сон. Кучга кириш санаси — 2026 йил 1 январь)