Чет давлатлар автотранспорт воситаларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кирганлиги ва унинг ҳудуди орқали транзити учун йиғим чет давлатнинг автотранспорт воситаси Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кираётганда ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибга мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудида ундирилади.
(460-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 28 декабрдаги ЎРҚ-891-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.12.2023 й., 03/23/891/0989-сон — 2024 йил 1 январдан кучга киради)
Юк кўтариш қуввати 10 тоннадан юқори бўлган юк автотранспорти воситалари ва тиркамаларининг автомобиль йўллари бўйлаб ҳаракатланиши ҳуқуқи учун йиғим қонунчиликда белгиланган тартибда Қорақалпоғистон Республикаси Транспорт вазирлиги ва ҳудудий транспорт бошқармалари томонидан ундирилади. Бунда тўланган йиғим юк автотранспорти воситалари ва тиркамаларига автомобиль йўллари бўйлаб бир йил давомида ҳаракатланиш ҳуқуқини беради.
(460-модда Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 28 декабрдаги ЎРҚ-891-сонли Қонунига асосан иккинчи қисм билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.12.2023 й., 03/23/891/0989-сон — 2024 йил 1 апрелдан эътиборан амалга киритилади)
Ушбу Кодекс 455-моддасининг 2, 3 ва 4-бандларида назарда тутилган йиғимлар алкоголь маҳсулотларини реализация қилиш, пиво ва пиво ичимликлари билан чакана савдо қилиш ёки тамаки маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш бошланганлиги тўғрисида тегишинча хабарнома юборилган пайтдан эътиборан тўланади. Бунда хабарнома жорий ойнинг йигирманчи санасига қадар юборилганда йиғим мазкур ой учун тўлиқ ҳажмда, хабарнома жорий ойнинг йигирманчи санасидан кейин юборилганда эса кейинги ойнинг биринчи санасидан бошлаб ҳисоблаб чиқарилади.
(460-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 16 майдаги ЎРҚ-1063-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 17.05.2025 й., 03/25/1063/0445-сон)
Агар алкоголь маҳсулотларини реализация қилиш, шу жумладан умумий овқатланиш корхоналари томонидан реализация қилиш, пиво ва пиво ичимликлари билан чакана савдо қилиш ёки тамаки маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш бир нечта стационар савдо ва (ёки) умумий овқатланиш пунктлари орқали амалга оширилса, алкоголь маҳсулотларини реализация қилиш, пиво ва пиво ичимликлари билан чакана савдо қилиш ёки тамаки маҳсулоти билан чакана савдо қилиш ҳуқуқи учун йиғимлар белгиланган ставкалар доирасида стационар савдо ва (ёки) умумий овқатланиш пунктларининг сонига, шунингдек уларнинг ҳар бири жойлашган ҳудуд ўлчамларига мутаносиб равишда ҳисоблаб чиқарилади ҳамда ундирилади.
(460-модданинг тўртинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 16 майдаги ЎРҚ-1063-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 17.05.2025 й., 03/25/1063/0445-сон)
Алкоголь маҳсулотлари ёки пиво ва пиво ичимликлари ёхуд тамаки маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш фаолияти тўхтатиб турилганда ёки тугатилганда йиғимни ҳисоблаб чиқариш кейинги ойнинг биринчи санасидан бошлаб тўхтатиб турилади.
(460-модданинг бешинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 16 майдаги ЎРҚ-1063-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 17.05.2025 й., 03/25/1063/0445-сон)
Алкоголь маҳсулотларини реализация қилиш, пиво ва пиво ичимликлари билан чакана савдо қилиш ёки тамаки маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш ҳуқуқи учун йиғим ҳар ойда олдиндан тўлов тарзида, жорий ойнинг ўнинчи санасига қадар тўланади.
(460-модданинг олтинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 16 майдаги ЎРҚ-1063-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 17.05.2025 й., 03/25/1063/0445-сон)
Алкоголь маҳсулотларини реализация қилиш, пиво ва пиво ичимликлари билан чакана савдо қилиш ёки тамаки маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш ҳуқуқи учун ундириладиган йиғимлар қонунчиликда белгиланган тартибда тақсимланади.
(460-модданинг еттинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 16 майдаги ЎРҚ-1063-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 17.05.2025 й., 03/25/1063/0445-сон)
(460¹-модда Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 29 декабрдаги ЎРҚ-741-сонли Қонунига асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.12.2021 й., 03/21/741/1219-сон)