Қуйидагилар товарнинг намуналарини ёки нусхаларини танлаб олиш ҳуқуқига эга:

божхона органининг мансабдор шахси, у божхона назоратини ўтказаётганда;

бошқа назорат қилувчи давлат органларининг мансабдор шахслари, улар қонунчиликда ўз зиммаларига юклатилган вазифаларни бажараётганда ёки ваколатли шахс.

(211-модда биринчи қисмининг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)

Ваколатли шахс ёки бошқа назорат қилувчи давлат органларининг мансабдор шахслари томонидан товарнинг намуналари ёки нусхалари танлаб олинаётганда божхона органларининг мансабдор шахслари ҳозир бўлишга ҳақли.

Товарнинг намуналарини ёки нусхаларини танлаб олишга қуйидаги ҳолларда йўл қўйилмайди, агар шундай танлаб олиш:

божхона назорати ўтказилишини қийинлаштирадиган бўлса;

товар тавсифларини ўзгартирадиган бўлса.

Товарнинг намуналарини ёки нусхаларини танлаб олиш тартиби қонунчиликда белгиланади.

(211-модданинг тўртинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)