Эксперт:

божхона экспертизасининг предметига тааллуқли бўлган материаллар билан танишиш;

товарлар ва ҳужжатларни кўздан кечириш;

божхона экспертизасини ўтказиш учун зарур бўлган қўшимча материаллар тақдим этилиши, шунингдек божхона экспертизасини ўтказишга бошқа экспертлар жалб қилиниши ҳақида илтимосномалар бериш;

ўз хулосасида нафақат ўз олдига қўйилган масалалар бўйича, балки божхона экспертизаси предметига тааллуқли бўлган ва божхона иши учун аҳамиятга молик бошқа масалалар бўйича ҳам натижаларни баён қилиш ҳуқуқига эга.

Эксперт:

ўзига тақдим этилган текшириш объектларининг ҳар томонлама ва тўлиқ текширувини ўтказиши, ўз олдига қўйилган масалалар юзасидан белгиланган муддатда асосланган ва холисона хулоса бериши;

божхонага оид ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни юритаётган ёки кўриб чиқаётган божхона органи мансабдор шахсининг чақируви бўйича ўзи берган хулосасига тушунтиришлар бериш ёки уни тўлдириш учун ҳозир бўлиши;

божхона назоратини ўтказишда божхона органининг талабига кўра иштирок этиши;

божхона экспертизаси ўтказилиши муносабати билан ўзига маълум бўлиб қолган маълумотларни ошкор этмаслиги;

тақдим этилган текшириш объектларининг бутлигини таъминлаши шарт.

Эксперт қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга эга бўлиши ва унинг зиммасида ўзга мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

(213-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)