Давлат молиявий назорати тафтиш, текшириш (шу жумладан бюджет тўғрисидаги қонунчиликнинг аввалги тафтишда ёки текширишда аниқланган бузилиши ҳолларини бартараф этиш юзасидан назорат тартибидаги текшириш) ва ўрганиш шаклида амалга оширилади.
(173-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
Давлат молиявий назоратининг турлари қуйидаги:
дастлабки назорат — молиявий операциялар бажарилгунига қадар ғазначилик бўлинмалари, иқтисодиёт ва молия органлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси томонидан амалга ошириладиган;
(173-модда иккинчи қисмининг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-1107-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 26.12.2025 й., 03/25/1107/1216-сон)
жорий назорат — молиявий операциялар бажарилиши жараёнида ғазначилик бўлинмалари, иқтисодиёт ва молия органлари ҳамда давлат солиқ хизмати органлари томонидан амалга ошириладиган;
(173-модда иккинчи қисмининг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-1107-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 26.12.2025 й., 03/25/1107/1216-сон)
якуний назорат — молиявий операциялар бажарилганидан сўнг ушбу Кодекснинг 171-моддасида кўрсатилган давлат молиявий назорат органлари томонидан амалга ошириладиган назоратлардир.
Давлат молиявий назоратининг усуллари қуйидагилардир:
ҳужжатларни текшириш ҳажмига қараб:
ёппасига назорат — текширилаётган давр учун барча бухгалтерия, молия, статистика, банк ҳужжатлари ва бошқа ҳужжатларни назорат қилиш;
танлов асосидаги назорат — муайян давр учун бухгалтерия, молия, статистика, банк ҳужжатлари ва бошқа ҳужжатларнинг айрим қисмларини назорат қилиш;
назоратнинг мақсадга йўналтирилганлиги ва предметига қараб:
комплекс назорат — давлат молиявий назорати объектининг муайян давр учун молиявий-хўжалик фаолиятининг барча йўналишларини назорат қилиш;
(173-модда учинчи қисмининг олтинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 17 мартдаги ЎРҚ-612-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 18.03.2020 й., 03/20/612/0326-сон)
мавзули назорат — давлат молиявий назорати объектининг муайян давр учун айрим масалалар бўйича фаолиятини назорат қилиш;
(173-модда учинчи қисмининг еттинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 17 мартдаги ЎРҚ-612-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 18.03.2020 й., 03/20/612/0326-сон)
муқобил назорат — операциялар ягоналиги билан ўзаро боғлиқ бўлган ва турли давлат молиявий назорати объектларида турган ҳужжатларни солиштиришни ўз ичига олган текшириш, бундан тадбиркорлик субъектлари мустасно.
(173-модда учинчи қисмининг саккизинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 17 мартдаги ЎРҚ-612-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 18.03.2020 й., 03/20/612/0326-сон)