Айблов ҳукмининг ҳам, оқлов ҳукмининг ҳам қарор қисми, ушбу Кодекснинг 468 ва 470-моддаларида кўрсатилган масалалардан ташқари, қуйидагиларни ўз ичига олиши лозим:
1) судланувчини лавозимидан четлаштириш тарзидаги процессуал мажбурлов чорасини бекор қилиш тўғрисида ушбу Кодекснинг 255 — 260-моддаларига мувофиқ қабул қилинган қарор; судланувчининг Ўзбекистон Республикасидан чиқиш ҳуқуқини вақтинча чеклаш тарзидаги процессуал мажбурлов чорасини бекор қилиш тўғрисида ушбу Кодекснинг 254⁷ — 254¹¹-моддаларига мувофиқ қабул қилинган қарор; қўзғатилган фуқаровий даъво ёки суднинг ташаббуси билан зиённи қоплаш тўғрисида ушбу Кодекснинг 283 — 289-моддаларига мувофиқ қабул қилинган қарор;
(471-модданинг 1-банди Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 15 августдаги ЎРҚ-1081-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 15.08.2025 й., 03/25/1081/0738-сон)
2) ашёвий далиллар ҳамда ишга илова қилинган бошқа нарсалар ва ҳужжатлар тўғрисида ушбу Кодекснинг 289-моддасига мувофиқ қабул қилинган қарор;
3) процессуал чиқимлар тўғрисида ушбу Кодекснинг 320-моддасига мувофиқ қабул қилинган қарор;
4) ҳукм устидан апелляция, кассация шикояти бериш, протест билдиришнинг ушбу Кодекснинг тегишинча 497³, 497⁴, 500 ва 501-моддаларида назарда тутилган тартиби, муддатлари.
(471-модданинг 4-банди Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 27 сентябрдаги ЎРҚ-869-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 27.09.2023 й., 03/23/869/0730-сон — 2024 йил 1 январдан кучга киради)