Товламачилик, яъни жабрланувчига ёки унинг яқин кишиларига зўрлик ишлатиш, мулкига шикаст етказиш ёки уни нобуд қилиш ёхуд жабрланувчининг ахборот ресурсини йўқ қилиш, ўзгартириш, эгаллаб олиш ёки тўсиб қўйиш ёки жабрланувчи учун сир сақланиши лозим бўлган маълумотларни ошкор қилиш, уни шарманда қиладиган уйдирмалар тарқатиш билан қўрқитиб ўзгадан мулкни ёки мулкий ҳуқуқни топширишни, мулкий манфаатлар беришни ёхуд мулкий йўсиндаги ҳаракатлар содир этишни талаб қилиш ёхуд жабрланувчини ўзининг мулкини ёки мулкка бўлган ҳуқуқини беришга мажбур қиладиган шароитга солиб қўйиш —

(165-модда биринчи қисмининг диспозицияси Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 19 январдаги ЎРҚ-899-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.01.2024 й., 03/24/899/0048-сон — 2024 йил 20 апрелдан кучга киради)

уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

(165-модда биринчи қисмининг санкцияси Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 10 августдаги ЎРҚ-389-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2015 й., 32-сон, 425-модда)

Товламачилик:

а) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан;

б) кўп миқдорда;

в) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса, —

беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

(165-модда иккинчи қисмининг санкцияси Ўзбекистон Республикасининг 2001 йил 29 августдаги 254-II-сон Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2001 й., 9-10-сон, 165-модда)

Товламачилик:

а) жуда кўп миқдорда;

б) ўта хавфли рецидивист томонидан;

в) уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, —

ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

(165-модда учинчи қисмининг санкцияси Ўзбекистон Республикасининг 2001 йил 29 августдаги 254-II-сон Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2001 й., 9-10-сон, 165-модда)