Ўғрилик, яъни ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиш —
базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
(169-модда биринчи қисмининг санкцияси Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 3 декабрдаги ЎРҚ-586-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 04.12.2019 й., 03/19/586/4106-сон)
Ўғрилик:
а) жабрланувчининг кийими, сумкаси ёки бошқа қўл юкидаги ашёга нисбатан (киссавурлик);
б) анча миқдорда;
в) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб;
г) уй-жой, омборхона ёки бошқа хонага ғайриқонуний равишда кириб;
(169-модда иккинчи қисмининг «г» кичик банди Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 13 мартдаги ЎРҚ-822-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 14.03.2023 й., 03/23/822/0143-сон — 2023 йил 15 июндан кучга киради)
д) умумий фойдаланишдаги электр, иссиқлик, газ ёки водопровод тармоқларига тижорат мақсадларида ўзбошимчалик билан уланиш ёхуд электр энергиясини, табиий газни, совуқ ёки иссиқ сувни ҳисобга олиш асбобларига, шу жумладан уларнинг пломбаларига қасддан шикаст етказиш ёхуд ҳисобга олиш асбобларининг кўрсаткичларини ўзгартириш мақсадида уларга ташқаридан аралашиш йўли билан;
е) умумий фойдаланишдаги электр, иссиқлик, газ ёки водопровод тармоқларига электр энергияси, газ ёки сув таъминоти ташкилотларининг мансабдор шахслари ёки ходимлари томонидан олдиндан тил бириктириб, тижорат мақсадларида ўзбошимчалик билан уланиш ёхуд электр энергиясини, табиий газни, совуқ ёки иссиқ сувни ҳисобга олиш асбобларига, шу жумладан уларнинг пломбаларига қасддан шикаст етказиш ёхуд ҳисобга олиш асбобларининг кўрсаткичларини ўзгартириш мақсадида уларга ташқаридан аралашиш йўли билан содир этилган бўлса, —
(169-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 13 мартдаги ЎРҚ-822-сонли Қонунига асосан «д» ва «е» кичик бандлар билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 14.03.2023 й., 03/23/822/0143-сон — 2023 йил 15 июндан кучга киради)
базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
(169-модда иккинчи қисмининг санкцияси Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 3 декабрдаги ЎРҚ-586-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 04.12.2019 й., 03/19/586/4106-сон)
Ўғрилик:
а) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан;
б) қонунга хилоф равишда (рухсатсиз) ахборот тизимига кириб ёки ундан фойдаланиб;
(169-модда учинчи қисмининг «б» банди Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 19 октябрдаги ЎРҚ-794-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.10.2022 й., 03/22/794/0939-сон)
в) кўп миқдорда;
г) нефть қувурларида, газ қувурларида, нефть ва газ маҳсулотлари қувурларида содир этилган бўлса, —
(169-модданинг учинчи қисми «в» банди Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 7 октябрдаги ЎРҚ-355-сонли Қонунига асосан «в» ва «г» бандлар билан алмаштирилган — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 41-сон, 543-модда)
беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
(169-модданинг иккинчи ва учинчи қисмлари Ўзбекистон Республикасининг 2001 йил 29 августдаги 254-II-сон Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2001 й., 9-10-сон, 165-модда)
Ўғрилик:
а) жуда кўп миқдорда;
б) ўта хавфли рецидивист томонидан;
в) уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, —
саккиз йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
(169-модда тўртинчи қисмининг санкцияси Ўзбекистон Республикасининг 2001 йил 29 августдаги 254-II-сон Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2001 й., 9-10-сон, 165-модда)