Фирибгарлик, яъни алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқни қўлга киритиш —
базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
(168-модда биринчи қисмининг санкцияси Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 3 декабрдаги ЎРҚ-586-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 04.12.2019 й., 03/19/586/4106-сон)
Фирибгарлик:
а) анча миқдорда;
б) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса, —
(168-модда иккинчи қисмининг диспозицияси Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 19 октябрдаги ЎРҚ-794-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.10.2022 й., 03/22/794/0939-сон)
базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
(168-модда иккинчи қисмининг санкцияси Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 3 декабрдаги ЎРҚ-586-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 04.12.2019 й., 03/19/586/4106-сон)
Фирибгарлик:
а) кўп миқдорда;
б) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан;
в) ахборот тизимидан, шу жумладан ахборот технологияларидан фойдаланиб содир этилган бўлса, —
(168-модда учинчи қисми диспозициясининг «в» ва «г» бандлари Ўзбекистон Республикасининг 2026 йил 22 июндаги ЎРҚ-1155-сонли Қонунига асосан «в» банд билан алмаштирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 23.06.2026 й., 03/26/1155/0616-сон)
базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
(168-модда учинчи қисмининг санкцияси Ўзбекистон Республикасининг 2026 йил 22 июндаги ЎРҚ-1155-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 23.06.2026 й., 03/26/1155/0616-сон)
Фирибгарлик:
а) жуда кўп миқдорда;
б) ўта хавфли рецидивист томонидан;
в) уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб;
г) хизмат мавқеидан фойдаланиб содир этилган бўлса, —
(168-модда тўртинчи қисми диспозициясининг «в» банди Ўзбекистон Республикасининг 2026 йил 22 июндаги ЎРҚ-1155-сонли Қонунига асосан «в» ва «г» бандлар билан алмаштирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 23.06.2026 й., 03/26/1155/0616-сон)
базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки муайян ҳуқуқдан маҳрум этилган ҳолда саккиз йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
(168-модда тўртинчи қисмининг санкцияси Ўзбекистон Республикасининг 2026 йил 22 июндаги ЎРҚ-1155-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 23.06.2026 й., 03/26/1155/0616-сон)
Етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланган тақдирда озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмайди.
(168-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 26 декабрдаги ЎРҚ-416-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 52-сон, 597-модда)