Транспорт воситасини бошқарувчи шахс томонидан транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишига сабаб бўлса, —
уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
(266-модда биринчи қисмининг санкцияси Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 20 февралдаги ЎРҚ-1033-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.02.2025 й., 03/25/1033/0164-сон)
Ўша қилмиш одам ўлишига сабаб бўлса, —
муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
(266-модда иккинчи қисмининг санкцияси Ўзбекистон Республикасининг 1999 йил 20 августдаги 832-I-сон Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 1999 й., 9-сон, 229-модда)
Ўша қилмиш:
а) одамлар ўлимига;
б) ҳалокатга;
в) бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлса, —
муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
(266-модда учинчи қисмининг санкцияси Ўзбекистон Республикасининг 1999 йил 20 августдаги 832-I-сон Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 1999 й., 9-сон, 229-модда)