(274-модданинг номи Ўзбекистон Республикасининг 2026 йил 11 июндаги ЎРҚ-1151-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 12.06.2026 й., 03/26/1151/0589-сон)
Гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни ёки уларнинг аналогларини тарғиб қилувчи маҳсулотни тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш мақсадида тайёрлаш, худди шунингдек уларни тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш, шу жумладан оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, —
(274-модда биринчи қисмининг диспозицияси Ўзбекистон Республикасининг 2026 йил 11 июндаги ЎРҚ-1151-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 12.06.2026 й., 03/26/1151/0589-сон)
базавий ҳисоблаш миқдорининг бир юз эллик бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатдан уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд бир йилдан икки йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилдан икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳаракатлар таълим ташкилотларида, уларнинг ҳудудида ёки талабаларнинг (ўқувчиларнинг) ётоқхоналарида, болалар соғломлаштириш оромгоҳларида ёки талабалар (ўқувчилар) томонидан ўқув, спорт ёки жамоат тадбирларини ўтказиш учун фойдаланиладиган бошқа жойларда, шунингдек уларга туташ ҳудудларда содир этилган бўлса, —
(274-модда иккинчи қисмининг диспозицияси Ўзбекистон Республикасининг 2026 йил 11 июндаги ЎРҚ-1151-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 12.06.2026 й., 03/26/1151/0589-сон)
базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан беш юз бараваригача миқдорда жарима ёки бир йилдан икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд икки йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни ёки уларнинг аналогларини ёхуд шахснинг ақл-идрокига таъсир этувчи бошқа моддаларни ҳар қандай шаклда истеъмол қилишга жалб этиш, —
(274-модда учинчи қисмининг диспозицияси Ўзбекистон Республикасининг 2026 йил 11 июндаги ЎРҚ-1151-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 12.06.2026 й., 03/26/1151/0589-сон)
икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки икки йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган ҳаракатлар:
а) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб;
б) такроран, хавфли рецидивист ёки илгари ушбу Кодекснинг 270, 271, 273, 275 — 276⁸-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этган шахс томонидан;
в) озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўташ жойларида;
г) икки ёки ундан ортиқ шахсга нисбатан содир этилган бўлса, —
(274-модда тўртинчи қисмининг диспозицияси Ўзбекистон Республикасининг 2026 йил 11 июндаги ЎРҚ-1151-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 12.06.2026 й., 03/26/1151/0589-сон)
уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
(274-модда Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 5 октябрдаги ЎРҚ-971-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.10.2024 й., 03/24/971/0777-сон)
Ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган ҳаракатлар одам ўлимига ёки бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлса, —
беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
(274-модда Ўзбекистон Республикасининг 2026 йил 11 июндаги ЎРҚ-1151-сонли Қонунига асосан бешинчи қисм билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 12.06.2026 й., 03/26/1151/0589-сон)