Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ёки уларнинг аналоглари ҳисобланмайдиган алоҳида тоифадаги кучли таъсир қилувчи моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки жўнатиш, ўша ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўша қилмишлар:

а) кўп миқдорда;

б) такроран, хавфли рецидивист ёки илгари ушбу Кодекснинг 270 — 276⁷-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этган шахс томонидан содир этилган бўлса, —

уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Агар ушбу моддада назарда тутилган ҳаракатларни содир этган шахс ўз ихтиёри билан айбини бўйнига олиш тўғрисида ҳокимият органларига арз қилса ва гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ёки уларнинг аналоглари ҳисобланмайдиган алоҳида тоифадаги кучли таъсир қилувчи моддаларни топширса, жазодан озод қилинади.