Безорилик, яъни жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаслик, уриш-дўппослаш, баданга енгил шикаст етказиш ёки ўзганинг мулкига шикаст етказиш ёхуд нобуд қилиш анча зарар етказиш билан боғлиқ ҳолда содир этилса, —
базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
(277-модда биринчи қисмининг санкцияси Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 3 декабрдаги ЎРҚ-586-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 04.12.2019 й., 03/19/586/4106-сон)
Безорилик:
а) баданга ўртача оғир шикаст етказиб:
б) бир гуруҳ шахслар томонидан;
в) совуқ қурол ёки кишининг соғлиғи учун амалда шикаст етказиши мумкин бўлган нарсаларни (қурол сифатида) намойиш қилиб, уларни қўллаш билан қўрқитиб ёхуд қўллаб;
г) ўз мазмунига кўра умум эътироф этган ахлоқ қоидаларини намойишкорона менсимасликда ифодаланувчи ўтакетган беҳаёлик билан;
д) ёш бола, қария, ногиронлиги бўлган шахс ёки ожиз аҳволдаги шахсларни хўрлаб;
(277-модда иккинчи қисми диспозициясининг «д» банди Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 17 майдаги ЎРҚ-770-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 18.05.2022 й., 03/22/770/0424-сон)
е) кўп миқдорда зарар етказиб, бировнинг мулкини нобуд қилиб ёки унга шикаст етказиб содир этилган бўлса, —
уч юз соатдан уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
(277-модда иккинчи қисмининг санкцияси Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 29 мартдаги ЎРҚ-421-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 13-сон, 194-модда)
Безорилик:
а) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан;
б) ўқотар қуролни намойиш қилиб, уни қўллаш билан қўрқитиб ёки қўллаб;
в) оммавий тадбирлар ўтказилаётган вақтда;
г) жамоат тартибини сақлаш вазифасини бажариб турган ҳокимият вакили ёки жамоатчилик вакилига ёхуд безорилик ҳаракатларининг олдини олиш чорасини кўрган бошқа фуқароларга қаршилик кўрсатиб содир этилган бўлса, —
уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
(277-модда учинчи қисмининг санкцияси Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 10 августдаги ЎРҚ-389-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2015 й., 32-сон, 425-модда)