Ўзганинг компьютер ускунасини ёки хизматда фойдаланиладиган компьютер ускунасини қасддан ишдан чиқариш, худди шунингдек компьютер тизимини бузиш (компьютер саботажи) —
уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача озодликни чеклаш ёхуд икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
(278⁵-модда биринчи қисмининг санкцияси Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 3 декабрдаги ЎРҚ-586-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 04.12.2019 й., 03/19/586/4106-сон)
Ўша ҳаракатлар:
а) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб;
б) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлса, —
икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд икки йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
(278⁵-модда иккинчи қисмининг санкцияси Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 10 августдаги ЎРҚ-389-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2015 й., 32-сон, 425-модда)