Компьютер тизимида сақланаётган ёки узатилаётган ахборотни рухсатсиз йўқ қилиб юбориш, тўсиб қўйиш, модификациялаштириш, ундан нусха кўчириш ёки уни қўлга киритиш мақсадини кўзлаб компьютер дастурларини яратиш ёки мавжуд дастурларга ўзгартиришлар киритиш, худди шунингдек махсус вирус дастурларини ишлаб чиқиш, улардан қасддан фойдаланиш ёки уларни қасддан тарқатиш —

базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача озодликни чеклаш ёхуд икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

(278⁶-модда биринчи қисмининг санкцияси Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 3 декабрдаги ЎРҚ-586-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 04.12.2019 й., 03/19/586/4106-сон)

Ўша ҳаракатлар:

а) жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда;

б) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб;

в) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан;

г) уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, —

икки йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд икки йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

(278⁶-модда иккинчи қисмининг санкцияси Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 10 августдаги ЎРҚ-389-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2015 й., 32-сон, 425-модда)

(XX¹боб Ўзбекистон Республикасининг 2007 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-137-сонли Қонуни билан киритилган — ЎР ҚҲТ, 2007 й., 52-сон, 532-модда)