Иш муҳокамаси суд мажлисида амалга оширилади. Суднинг мажлиси видеоконференцалоқа режимида ўтказилиши мумкин.
Суд ташаббусига кўра ёки маъмурий суд ишларини юритиш иштирокчиларининг илтимосномасига кўра суд мажлисининг аудио- ёки видеоёзуви амалга оширилиши мумкин.
Мажлисда раислик қилувчи судья:
1) суд мажлисини очади ва қандай иш кўрилишини эълон қилади;
2) маъмурий суд ишларини юритиш иштирокчилари мажлисга келган-келмаганлигини, уларнинг ваколатларини, мажлисга келмаган шахслар тегишли равишда хабардор қилинган-қилинмаганлигини ҳамда уларнинг келмаганлиги сабаблари тўғрисида қандай маълумотлар борлигини текширади;
3) суд таркибини эълон қилади, прокурор, эксперт, мутахассис, суд мажлиси котиби, таржимон сифатида кимлар иштирок этаётганлигини маълум қилади ҳамда ишда иштирок этувчи шахсларга уларнинг рад қилиш ҳуқуқини тушунтиради;
4) келган гувоҳларни сўроқ қилиш бошлангунига қадар уларни мажлис залидан чиқариб юборади;
5) суд процесси иштирокчиларига уларнинг процессуал ҳуқуқлари ва мажбуриятларини тушунтиради;
6) таржимонни била туриб нотўғри таржима қилганлик учун, экспертни била туриб нотўғри хулоса берганлик учун, гувоҳни била туриб ёлғон кўрсатув берганлик учун жиноий жавобгарлик тўғрисида огоҳлантиради;
7) далилларни текшириш тартибини белгилайди;
8) иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатлар аниқланишини таъминлаб, мажлисга раҳбарлик қилади;
9) мажлисда тегишли тартибни таъминлаш чораларини кўради.
Маъмурий суд ишларини юритиш иштирокчилари ва суд мажлиси залида ҳозир бўлганлар ёзма қайдлар қилиш, стенограмма юритиш ва овоз ёзиб олиш ҳуқуқига эга. Суд мажлисининг фототасвирига, видеоёзувига, шунингдек радио ва телевидение орқали трансляция қилинишига ишни кўраётган суднинг рухсати билан йўл қўйилади.
(143-модданинг тўртинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 10 майдаги ЎРҚ-536-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 11.05.2019 й., 03/19/536/3114-сон)
Ишни ёпиқ суд мажлисида муҳокама қилиш тўғрисида ажрим чиқарилганда ёпиқ суд мажлисида иштирок этаётган шахслар суд муҳокамаси маълумотларини ҳамда тафсилотларини суднинг рухсатисиз ошкор қилмаслик тўғрисида огоҳлантирилиб, улардан тилхат олинади. Тилхатда мазкур мажбуриятни бузганлик учун Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 239-моддасига мувофиқ жавобгарлик ҳақидаги огоҳлантириш ҳам акс эттирилади.
(143-модда Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 26 сентябрдаги ЎРҚ-1084-сонли Қонунига асосан бешинчи қисми билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 26.09.2025 й., 03/25/1084/0874-сон)