Ишда иштирок этувчи шахслар ва одил судловни амалга оширишга кўмаклашувчи шахслар видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида иштирок этишга ҳақли.

Видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида шахсларнинг иштирок этиш ҳуқуқи ҳақида ишни суд муҳокамасига тайёрлаш тўғрисидаги ажримда кўрсатилиб, ажрим ишда иштирок этувчи шахсларга, одил судловни амалга оширишга кўмаклашувчи шахсларга ҳамда уларнинг бундай мажлисда иштирок этишига кўмаклашадиган тегишли судга юборилади.

Ишда иштирок этувчи шахсларнинг видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида иштирок этишини таъминлаш учун кўрсатилган шахсларнинг яшаш жойи, жойлашган ери ёки турган жойи бўйича тегишли судларнинг видеоконференцалоқа тизимларидан ёхуд ишни кўраётган суднинг мобиль видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланилади.

(144-модда Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 11 мартдаги ЎРҚ-1047-сонли Қонунига асосан учинчи қисм билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 12.03.2025 й., 03/25/1047/0233-сон)

Видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисини ўтказишга кўмаклашадиган суд ишда иштирок этувчи шахсларнинг ва одил судловни амалга оширишга кўмаклашувчи шахсларнинг вакиллари ваколатларини тасдиқловчи ишончномалар, шунингдек суд мажлисида тақдим этилган далиллар ишни кўраётган судга юборилишини таъминлайди.

Видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланган ҳолда иштирок этаётган гувоҳларга, экспертларга, мутахассисларга, таржимонларга ўз ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги тушунтирилганлиги аудио- ва видеоёзув орқали қайд этилади ва бу ҳақда суд мажлиси баённомасида кўрсатилади.

(144-модда Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 11 мартдаги ЎРҚ-1047-сонли Қонунига асосан бешинчи қисм билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 12.03.2025 й., 03/25/1047/0233-сон)

Ишда иштирок этувчи шахсларнинг ва одил судловни амалга оширишга кўмаклашувчи шахсларнинг видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида иштирок этиш ҳуқуқи биринчи, апелляция, кассация ва тафтиш инстанциялари судларининг суд мажлисида амалга оширилиши мумкин.

(144-модданинг тўртинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-889-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 27.12.2023 й., 03/23/889/0978-сон — 2024 йил 1 январдан кучга киради)