Кассация шикояти (протести) судга ёзма шаклда берилади ва шикоят (протест) берган шахс ёки унинг вакили томонидан имзоланади.

(228-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-889-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 27.12.2023 й., 03/23/889/0978-сон — 2024 йил 1 январдан кучга киради)

Кассация шикоятида (протестида) қуйидагилар кўрсатилиши керак:

1) кассация шикояти (протести) йўлланаётган суднинг номи;

2) шикоят (протест) бераётган шахснинг номи (фамилияси, исми, отасининг исми);

3) устидан шикоят (протест) берилаётган ҳал қилув қарорини қабул қилган суднинг номи;

4) ишнинг рақами, ҳал қилув қарори қабул қилинган сана, талаб предмети;

5) шикоят (протест) бераётган шахснинг талаблари ва шахс қонунларга ёки бошқа қонунчилик ҳужжатларига, иш ҳолатларига ҳамда далилларга ҳавола қилинган ҳолда суд ҳужжатини нотўғри деб ҳисоблаш учун келтирган асослар;

(228-модда иккинчи қисмининг 5-банди Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)

6) шикоятга (протестга) илова қилинаётган ҳужжатларнинг рўйхати.

Кассация шикоятида уни бераётган шахснинг ёки унинг вакилининг телефон, факс рақамлари, электрон манзили кўрсатилиши мумкин.