Кассация шикоятига қуйидагилар илова қилинади:

1) давлат божи ва почта харажатлари тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат;

(230-модданинг биринчи қисми 1-банди Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 11 октябрдаги ЎРҚ-496-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 12.10.2018 й., 03/18/496/2043-сон)

2) ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга кассация шикоятининг ва унга илова қилинган, ушбу шахсларда мавжуд бўлмаган ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари юборилганлигини ёки топширилганлигини тасдиқловчи ҳужжат;

3) кассация шикояти вакил томонидан имзоланган тақдирда, кассация шикоятига вакилнинг имзолаш ваколатини тасдиқловчи ҳужжат.

Кассация протестига ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга кассация протести ва унга илова қилинган, ушбу шахсларда мавжуд бўлмаган ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари юборилганлигини ёки топширилганлигини тасдиқловчи ҳужжат илова қилинади.

Аризани (шикоятни) қайтариш тўғрисидаги, аризани (шикоятни) қабул қилишни рад этиш ҳақидаги ажрим устидан берилган кассация шикоятига (протестига) қайтарилган ариза (шикоят) ва уни судга тақдим этиш чоғида унга қўшиб берилган ҳужжатлар ҳам илова қилиниши керак.

(230-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-889-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 27.12.2023 й., 03/23/889/0978-сон — 2024 йил 1 январдан кучга киради)