Талаб бир нечта аризачи томонидан биргаликда ёки бир нечта жавобгарга нисбатан тақдим этилиши мумкин.

Аризачилар ва жавобгарларнинг ҳар бири бошқа тарафга нисбатан суд процессида мустақил қатнашади.

Процессда биргаликда иштирок этувчилар ишни олиб боришни шерик иштирокчилардан бирига топшириши мумкин.

Бошқа жавобгарнинг иштирокисиз ишни кўриш мумкин бўлмаган тақдирда, биринчи инстанция суди ҳал қилув қарори қабул қилингунига қадар аризачининг розилиги билан ўша жавобгарни ишда иштирок этиш учун жалб этади.

Агар қонунчиликда ишда бошқа жавобгар иштирокининг мажбурийлиги назарда тутилган бўлса, суд ўз ташаббуси билан шу жавобгарни ишда иштирок этиш учун жалб этади.

(41-модданинг бешинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)

Суд аризачининг илтимосномаси бўйича ҳам бошқа жавобгарни ишда иштирок этиш учун жалб этишга ҳақли. Бошқа жавобгарни ишда иштирок этишга жалб этиш ҳақида ёки жалб этишни рад қилиш тўғрисида ажрим чиқарилади.

Бошқа жавобгар ишда иштирок этиш учун жалб этилганда ишни кўриш бошидан бошланади.