Васийлик ва ҳомийлик органлари етим болаларни ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни аниқлайди, бундай болаларни ҳисобга олади ва етим қолишнинг ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлишнинг ҳар бир ҳолатига қараб, болаларни муқобил жойлаштириш шаклларини танлайди, шунингдек бундан буён уларга таъминот бериш, уларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш шарт-шароитларини назорат қилиб боради.
Васийлик ва ҳомийлик органидан ташқари бошқа юридик ва жисмоний шахсларнинг етим болаларни ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни аниқлаш ва муқобил жойлаштириш бўйича фаолият юритишига йўл қўйилмайди.
Ташкилотларнинг (ички ишлар органларининг, судларнинг, фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларининг, соғлиқни сақлаш муассасаларининг, таълим ташкилотларининг ва бошқа муассасаларнинг), фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг мансабдор шахслари, нотариуслар ва бошқа фуқаролар болалар етим қолганлигидан ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлганлигидан хабардор бўлгач, йигирма тўрт соат ичида бу ҳақда болалар ҳақиқатда турган жойдаги васийлик ва ҳомийлик органларига хабар бериши шарт. Васийлик ва ҳомийлик органи бундай маълумотларни олган кундан эътиборан уч иш куни ичида боланинг турмуш шароитини текшириб чиқиши (бирламчи баҳолаш) ва бунда боланинг етим қолганлиги ёхуд ота-она ёки қариндошлари қарамоғидан маҳрум бўлганлиги аниқланса, уни муқобил жойлаштириш масаласи ҳал бўлгунига қадар боланинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаши шарт.
Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар тўғрисидаги маълумотларни васийлик ва ҳомийлик органига хабар қилмаганлик, шунингдек бундай болаларни муқобил жойлаштиришда қонунчилик талабларини бузганлик учун ушбу модданинг учинчи қисмида кўрсатилган муассасаларнинг раҳбарлари ва органларнинг мансабдор шахслари қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.
(149-модда Ўзбекистон Республикасининг 2026 йил 11 сентябрдаги ЎРҚ-1174-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 12.09.2026 й., 03/26/1174/0920-сон)