Яширин овоз бериш бошланишидан олдин Саноқ комиссияси раиси уни ўтказиш тартибини эълон қилади, комиссия аъзолари ҳозирлигида сайлов қутисини текширади ва бир маротаба ишлатиладиган пломбалар билан пломбалайди.

Сайлов қутиси овоз берувчи унинг ёнига албатта яширин овоз бериш кабинаси ёки хонаси орқали ўтиб борадиган қилиб ўрнатилади.

Қўшма мажлисда иштирок этаётган депутат Саноқ комиссияси аъзосига ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатади ҳамда овоз берувчилар рўйхатига имзо қўяди, шундан кейин унга сайлов бюллетени топширилади.

Сайлов бюллетени овоз берувчи томонидан яширин овоз бериш кабинасида ёки хонасида ўзи ёқлаб овоз бераётган Сенат аъзолигига номзодларнинг фамилияси рўпарасида, ўнг томонда жойлашган бўш квадратга «+» ёки «» ёхуд «х» белгисини қўйиш орқали тўлдирилади.

Овоз берувчи тўлдирилган сайлов бюллетенини кўринарли жойда туриши керак бўлган сайлов қутисига ташлайди.

Бузиб қўйилган сайлов бюллетени овоз берувчининг илтимосига кўра янгисига алмаштирилиши мумкин.

Яширин овоз бериш жараёни тугаганидан кейин фойдаланилмаган, шунингдек бузиб қўйилган сайлов бюллетенлари ҳисобга олиниши, бекор қилиниши лозим (чап томондаги юқори бурчакни қирқиб қўйиш орқали) ва алоҳида сақланади.