Янги ташкил этилган маъмурий-ҳудудий бирликларда маҳаллий Кенгашларга депутатлар сайлови маъмурий-ҳудудий бирликларни ташкил этиш тўғрисида белгиланган тартибда қарорлар қабул қилинганидан кейин икки ой ичида ўтказилади.

Янги ташкил этилган маъмурий-ҳудудий бирликда халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари сайлови Марказий сайлов комиссияси томонидан, халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашлари депутатлари сайлови эса тегишли халқ депутатлари вилоят Кенгаши томонидан сайлов ўтказилишига камида икки ой қолганида тайинланади ва ушбу Кодекснинг талабларига риоя этилган ҳолда ташкил этилади. Бунда сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишга доир тадбирларни амалга ошириш муддатлари Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланади.

(93¹-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 6 майдаги ЎРҚ-838-сонли Конституциявий Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 08.05.2023 й., 03/23/838/0257-сон)

Агар кейинги сайлов кампанияси бошланишига уч ойдан кам вақт қолган бўлса ёки ваколатлари сақлаб қолинган ва янги ташкил этилган маъмурий-ҳудудий бирликнинг халқ депутатлари Кенгаши таркибига кирган депутатлар сони халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашида ўн беш кишини ҳамда халқ депутатлари вилоят Кенгашида ўттиз кишини ташкил этса, янги ташкил этилган маъмурий-ҳудудий бирликда маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайлови ўтказилмаслиги мумкин.

(93¹-модда Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 16 июндаги ЎРҚ-779-сонли Қонунига асосан киритилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 16.06.2022 й., 03/22/779/0528-сон)