Якка тартибдаги тадбиркор бўлмаган жисмоний шахсни солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қарор чиқарилганидан кейин тегишли солиқ органи мазкур шахсга нисбатан ушбу Кодексда белгиланган молиявий санкция қўллаш ҳақидаги ариза билан судга мурожаат қилади. Молиявий санкцияларни ундиришнинг суддан ташқари тартибига йўл қўйилмайдиган ҳолларда молиявий санкция қўллашнинг худди шундай тартибидан фойдаланилади.
Судга мурожаат қилингунга қадар солиқ органи солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун жавобгарликка тортилаётган шахсга молиявий санкциянинг тегишли суммасини ўз ихтиёри билан тўлашни ёзма шаклда таклиф қилиши шарт.
Зарур бўлган ҳолларда, солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун жавобгарликка тортилаётган шахсдан молиявий санкция ундириш тўғрисида ариза бериш билан бир вақтда солиқ органи қонунчиликда белгиланган тартибда талабномани таъминлаш ҳақидаги илтимосномани судга юбориши мумкин.
(167-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)