Солиқ тўловчилар:

белгиланган солиқлар ва йиғимларни ўз вақтида ҳамда тўлиқ ҳажмда ҳисоблаб чиқариши ва тўлаши;

ҳужжатларни кўриб чиқиш ёки тушунтиришлар бериш зарурияти тўғрисида чақирув хатини олганида солиқ органига келиши;

товарларни (хизматларни) реализация қилишда харидорга ҳисобварақ-фактураларни, чекларни ёки уларга тенглаштирилган бошқа ҳужжатларни бериши;

солиқ текширувини ўтказаётган солиқ органларининг мансабдор шахсларига солиқларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш учун асос бўлиб хизмат қиладиган ҳужжатлар, шунингдек электрон манбаларда сақланадиган тегишли ахборот билан танишиш имкониятини таъминлаши;

солиқ органлари ва бошқа ваколатли органларнинг қонуний талабларини бажариши, кўрсатилган органларнинг ва улар мансабдор шахсларининг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилмаслиги;

агар ушбу Кодексда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, солиқ ҳисоботларининг ва солиқларни ҳисоблаб чиқариш ҳамда тўлаш учун зарур бўлган бошқа ҳужжатларнинг тегишли солиқларни тўлаш учун белгиланган календарь йилдан кейинги уч йил мобайнида бут сақланишини таъминлаши;

(22-модда биринчи қисмининг еттинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 28 декабрдаги ЎРҚ-891-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.12.2023 й., 03/23/891/0989-сон — 2024 йил 1 январдан кучга киради)

ўзи солиқ бўйича ҳисобга олинган жойдаги солиқ органларини Ўзбекистон Республикаси юридик шахсларидаги ва чет эл юридик шахсларидаги иштироки тўғрисида, агар устав фондидаги (устав капиталидаги) улуши 10 фоиздан ортиқ бўлса, хабардор этиши шарт.

Юридик шахс бўлган солиқ тўловчилар ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган мажбуриятлардан ташқари, ўзлари ҳисобга олинган жойдаги солиқ органларига ўзларининг барча алоҳида бўлинмалари тўғрисида ва алоҳида бўлинмаларга оид илгари хабар қилинган маълумотларидаги ўзгаришлар тўғрисида алоҳида бўлинма ташкил этилган ёки мазкур маълумотлар ўзгартирилган кундан эътиборан бир ой ичида хабар қилиши шарт.

Ушбу Кодекс билан зиммасига солиқ ҳисоботини электрон шаклда тақдим этиш мажбурияти юклатилган шахслар солиқ органлари томонидан солиқ тўғрисидаги қонунчилик билан тартибга солинадиган муносабатлардаги ўз ваколатларини амалга ошириш чоғида фойдаланиладиган ҳужжатларнинг солиқ органидан телекоммуникация алоқа тармоқлари орқали электрон шаклда олинишини таъминлаши керак.

(22-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)

Чет давлатлардан, халқаро ва чет эл ташкилотларидан, чет давлатларнинг фуқароларидан ёки уларнинг топшириғига биноан бошқа шахслардан пул маблағларини ёки мол-мулкни қуйидаги мақсадларда олган юридик шахслар тегишли солиқ ҳисоботида, жисмоний шахслар эса жами йиллик даромад тўғрисидаги декларацияда олинган пул маблағлари ёки мол-мулки ҳақидаги маълумотни акс эттириши шарт:

жамоатчилик фикрини ўрганиш бўйича тадқиқотлар, сўровлар ўтказиш (бундан тижорат мақсадларида ўтказиладиган тадқиқот ва сўровлар мустасно);

маълумотларни йиғиш, таҳлил қилиш ва тарқатиш (бундан ушбу фаолият тижорат мақсадларига қаратилган ҳоллар мустасно).

Ушбу модданинг тўртинчи қисмида белгиланган мажбурият қуйидагиларга нисбатан татбиқ этилмайди:

давлат органлари, ташкилотлари ва муассасаларига;

нодавлат нотижорат ташкилотларга;

чет эл дипломатик ваколатхоналарига ҳамда уларга тенглаштирилган ваколатхоналар ва консуллик муассасаларига;

Ўзбекистон Республикаси аъзо бўлган халқаро ташкилотларнинг ихтисослаштирилган муассасаларига.

(22-модда Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 21 августдаги ЎРҚ-1083-сонли Қонунига асосан тўртинчи ва бешинчи қисмлар билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 22.08.2025 й., 03/25/1083/0769-сон)

Ушбу Кодексга мувофиқ солиқ солиш объекти деб эътироф этиладиган кўчмас мулкка эга бўлган чет эл юридик шахслари ушбу моддада назарда тутилган мажбуриятлардан ташқари, кўчмас мулк объекти турган жойдаги солиқ органига ушбу чет эл юридик шахсининг иштирокчилари тўғрисидаги маълумотларни ушбу Кодексда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда хабар қилиши шарт. Юридик шахс ташкил этмаган ҳолдаги чет эл тузилмалари кўрсатилган ҳолатларда ўз муассислари, бенефициарлари ва бошқарувчилари ҳақидаги маълумотларни хабар қилиши керак. Чет эл юридик шахсида (юридик шахс ташкил этмаган ҳолдаги чет эл тузилмасида) ушбу қисмда кўрсатилган бир нечта мол-мулк объекти мавжуд бўлган тақдирда, ушбу шахс танловига кўра, хабар мол-мулк объектларининг бири турган ердаги солиқ органига тақдим этилади.

Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали товарлар олиб ўтилиши муносабати билан солиқлар тўлайдиган солиқ тўловчилар зиммасида Ўзбекистон Республикасининг божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган мажбуриятлар ҳам бўлади.

Солиқ тўловчиларнинг зиммасида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.